Нурсултон Назарбоев: “Биз ҳеч қачон Қозоғистон мустақиллигига таҳдид соладиган ташкилот таркибида бўлмаймиз”

 

Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев агар Евроосиё иттифоқи унинг мамлакати мустақиллигига таҳдид солса, ундан чиқиши мумкинлигини маълум қилди. Бир қатор оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, у шу йўл билан Владимир Путиннинг яқинда қозоқ давлатчилиги ҳақида сўзларига муносабат билдирган.

Путин  рус ёшларининг “Селигер—2014” лагерида ёшларнинг саволларига жавоб берар экан, Назарбоев ноёб ишни амалга оширганини қайд этди. Унинг фикрича, Назарбоев илгари давлат бўлмаган мамлакат ҳудудида давлат барпо этди. Қозоқларда ҳеч қачон давлатчилик бўлмаган. Шу нуқтаи назардан у собиқ иттифоқ ҳудудидаги ноёб шахслардан  бўлиб, Қозоғистон учун нодир раҳбардир. “Евроосиё иттифоқи, тан олишим керак, бу унинг ғояси, мен ўйлаб топганим йўқ. У ўйлаб топган буни. Биз барчамиз бу ишни мантиқий якунлаб қўйишга жалб қилинганмиз ва охирига етказамиз”, деди у.

Нурсултон Назарбоев “Хабар” телеканалига берган интервьюсида агар илгари шартномада белгиланган қоидалар амалга оширилмаса, Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида аъзолигидан воз кечишга тўлиқ ҳаққи борлигини таъкидлади. “Остона ҳеч қачон Қозоғистон мустақиллигига таҳдид соладиган ташкилот таркибида бўлмайди”, — деди у.

Бир қатор оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Қозоғистон фуқаролари Путиннинг сўзларига жиддий муносабат билдиришган. Ижтимоий тармоқлар орқали турли фикрлар билдирилган. “Владимир Путинга тарих китобини юбор” деган акция ҳам шулардан биридир.