Қирғизистонлик эксперт Ўзбекистонни айблашни бас қилишга чақирди

“Ўзбекистон Россияга газ сотмаяпти, деган айблашни бас қилинглар”, — деди Қирғизистон энергетика ва саноат вазирлиги кузатув кенгаши аъзоси Калича Умуралиева вазирлик ҳайъат йиғилишида. Унинг сўзларига кўра, агар “Қирғизгаз” инфратузилмасида мулкдор алмашган бўлса, у ҳолатда Ўзбекистон у билан ҳамкорлик қилмасликка ҳаққи бор. “Нега “Қирғизгаз”ни 1 долларга пуллаб, жанубни газсиз қолдиришди”, — деб сўради у.

Бундан ташқари, у “Газпром” харид қилмаган “Қирғизгаз” миноритар акциядорлари масаласини ҳам кўтарган. “Уларнинг улуши тахминан 12 фоизни ташкил қилади. “Газпром” уларни харид қилмаган. Минторитар акциядорларга нима бўлди?”, — деб сўраган у “Қирғизгаз” собиқ бош директори Турғунбек Калмурзоевдан.

Турғунбек Калмурзоевнинг айтишича, “Қирғизгаз” ўз активларини тўлиқ “Газпром”га ўтказиб берган. “Газпром Қирғизистон” деган компания рўйхатга олинган. Унга 2014 йилнинг 1 сентябрига қадар жанубни газ билан таъминлаш топширилган.

Шуни қайд этиш керакки, Тожикистон пойтахти Душанбеда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов қирғизистонлик ҳамкасби Эрлан Абдилдаев ушбу масалада мулоқот олиб борган. “Томонлар Қирғизистон жанубини газ билан таъминлаш масаласини муҳокама қилишди. Мазкур муаммони ҳал қилишда ижобий силжишлар кузатилмоқда, аммо баҳсли масалалар ҳам йўқ эмас”, деб хабар беради РИА Новости ўз манбаига таяниб.