Ўзбекистонга ташриф буюрган АҚШ Меҳнат вазирлиги вакиллари пахта йиғимини мониторинг қилишни мақсад қилмаган

Ўтган ҳафта Ўзбекистонга ташриф буюрган АҚШ Меҳнат вазирлиги вакиллари Ўзбекистонда вояга етмаганлар пахта йиғим-теримига жалб қилинишини мониторинг этишни мақсад қилмаган. Бу ҳақда АҚШ элчихонаси вакили “Новый век” газетасига маълум қилган.

“Бу ҳозирча идора вакилларининг Ўзбекистонга биринчи ва танишув сафари ҳисобланади”, деган элчихона вакили. Унинг сўзларига кўра, “АҚШда Ўзбекистонда пахта теримида 16 ёшгача бўлган болаларнинг қатнашиши қонун билан бекор этилгани ижобий қабул қилинган”. Айни пайтда элчихона вакили Америка пахта йиғимида болаларнинг барча турдаги меҳнати 18 ёшгача тақиқланиши тарафдори эканлигини маълум қилган.

АҚШ Меҳнат вазирлигининг танишув сафари чоғида ҳеч қандай ҳужжат имзоланмаган. Эслатиб ўтамиз, бир қатор онлайн нашрлар АҚШ Меҳнат вазирлиги Ўзбекистонда пахта йиғим-теримини назорат қилиши ҳақида хабар берган эди.