АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида Ўзбекистон ИИВ ходимларининг хотира маросими ўтказилди

30 июль куни “Ўзбекистон ислом ҳаракати” террорчилик ташкилотининг аъзолари томонидан Тошкентда уюштирилган қатор қўпорувчилик ҳаракатларига 10 йил тўлди.

Шу муносабат билан АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида 2004 йилнинг 30 июль куни содир этилган қўпорувчилик ҳаракати оқибатида элчихона ёнида ҳалок бўлган иккита милиционер Иброҳим Норметов ва Ихтиёр Ҳакимовларнинг шарафига 10-хотира маросими ўтказилди.

Anhor.Uz’нинг ёзишича, тадбирда Ўзбекистон ИИВнинг вакиллари, ҳалок бўлганларнинг қариндошлари ва яқинлари, уларнинг ҳамкасблари ва хизматдошлари қатнашди. Элчихона ходимлари ва ИИВ вакиллари хотира лавҳаси остига гуллар қўйди, ҳалок бўлган милиционер Иброҳим Норметовнинг қизи эса отасига бағишланган шеърни ўқиб берди.

АҚШ элчихонаси
АҚШ элчихонаси

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистонга ташриф буюрган АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлигининг қўмондони, генерал Ллойд Жей Остин Учинчи ҳам қатнашди.

Эслатиб ўтамиз, 2004 йил 30 куни “Ўзбекистон ислом ҳаракати” экстремистик ташкилотининг аъзолари томонидан Тошкентда қатор қўпорувчилик ҳаракатлари содир этилган эди. Улардан бири АҚШ элчихонаси ёнида, иккинчиси Исроил элчихонаси яқинида, учинчиси эса Ўзбекистон Бош прокуратураси ёнида уюштирилганди. Ушбу қўпорувчилик ҳаракатлари оқибатида бир неча киши ҳалок бўлган, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимлари ҳам.

10446645_10152980934319186_6562540585500466162_n