Ўзбекистонда расмий оммавий ахборот воситалари миграция оқибатлари ҳақида ёзишни бошлашди

Сўнгги пайтларда турли онлайн нашрларда Ўзбекистон ҳукумати хориждаги, хусусан, Россиядаги мигрантлар масаласига жиддий киришгани ҳақида ахборотлар тобора кўпайди. Хусусан, ҳукумат меҳнат мигрантларининг рўйхатини шаклантириш ва уларни имкон қадар ватанига қайтариш чораларини кўраётгани таъкидланмоқда. Шундай бўлса-да, мамлакатдаги расмий нашрлар бу масалада сукут сақлашаётган эди.

Яқиндан уларда ҳам ноқонуний миграциянинг оқибатлари хусусида материаллар берила бошланди. Хусусан, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги — ЎзА шу йилнинг 11 август куни “Ўзга юртдан бахт излама” сарлавҳали мақолани эълон қилди. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти бўлими раиси Акромжон Йўлбарсовнинг ЎзАга берган интервьюсида айтилишича, бугунги кунда яшаш жойидан узоқ муддатга чиқиб кетган шахсларнинг рўйхати шакллантирилиб, уларнинг ҳар бири учун масъуллар бириктирилган.

Материаллардан шу нарса англашиладики, ҳар бир ҳудудда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси қошида ташкил этилган “Меҳнат мигрантларини мониторинг қилиш маркази” ташкил қилинган.

Фарғона вилояти меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи Дилмурод Усмоновнинг айтишича, маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказилаётган учрашув ва давра суҳбатларида мигрантларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, оғир юқумли касалликлар ва ёт ғоялардан сақланиш йўллари ҳақида батафсил маълумотлар берилмоқда. “Хориждан қайтиб келган фуқаролар ўзлари истиқомат қиладиган ҳудудларда ишга жойлаштирилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркасида 4 минг 714 корхона ва ташкилот 30 мингга яқин бўш иш ўрни билан иштирок этди. 3 минг 68 нафар киши ишга жойлашишга йўлланма олди. Шунингдек, касбга ўқитиш ва қайта тайёрлаш, ҳақ тўланадиган жамоат ишлари, меҳнат қонунчилигига оид маслаҳатлар берилди”, дейди у.

Айни пайтда чет давлатларга ишлаш учун чиқиб кетган ҳамда қайтиб келганларнинг аниқ ҳисобини юритиш дастури ишлаб чиқилмоқда.

ЎзАнинг 14 август куни эълон қилган “Ўз юртингда ишлаш гашти” сарлавҳали материалда ҳам меҳнат мигрантларига шаъма қилиб ўтилган. “Камолот” ЁИҲнинг “Бунёдкор” ёшлар меҳнат ҳаракати ҳақидаги ушбу ахборотда бухоролик ёш Акмал Аҳроров шундай интервью беради: “Малакали қурувчисан, хорижда катта миқдорда пул топишинг мумкин, дея мени йўлдан уришга уринганлар ҳам бўлди. Мен кўнмадим. Қаранг, туманимизда шундай катта қурилишлар бўлмоқда. Бунга шу ернинг забардаст йигитлари ҳисса қўшмаса, фаоллик кўрсатмаса бўладими? Энг асосийси, ўз юртингда эмин-эркин меҳнат қилиб, бошингни баланд кўтариб, фаровон яшашга нима етсин”.

Сўнгги йилларда Россиядаги меҳнат мигрантлар масаласи жиддий мавзуга айланган бўлса-да, Ўзбекистон ҳукумати ва расмий нашрлари бу муаммони “тан олмасдан” келаётган эди. Маълумотларга кўра, Вазирлар Маҳкамаси меҳнат мигрантлари масаласида махсус қарор қабул қилган. Унга мувофиқ, қонуний миграцияга бешта муҳим шарт бажарилганда рухсат берилади. Булар: кафолатланган иш жойи, кафолатланган иш ҳақи, кафолатланган яшаш жойи, кафолатланган хавфсизлик ва кафолатланган тиббий ёрдам. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликларига бу борада қатор вазифалар юклатилган.

Россия Миграция хизмати ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатда 11-12 миллион нафардан ортиқ чет эл фуқаролари бўлиб, уларнинг 20 фоиздан ортиғини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади.