Эрон Ўзбекистонга йилига 1 миллион тонна нефть етказиб беришни таклиф қилмоқда

Эрон Ўзбекистонга янги транспорт коммуникация тармоқларидан фойдаланган ҳолда йилига 1 миллион тонна нефть етказиб беришни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда Эроннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Али Мардоний маълум қилган.

“Агар тегишли транспорт инфратузилмаси бўлса, биз Ўзбекистоннинг нефтни қайта ишлаш корхоналарига йилига 1 миллион тоннагача нефть етказиб беришга тайёрмиз”, дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради “Новый век” газетаси.

Жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон ва Ўмон ташқи ишлар вазирлари “Марказий Осиё — Форс кўрфази” транспорт коридорини ташкил қилиш бўйича битимнинг кучга кириши бўйича англашув меморандумини имзолади. Мазкур битим 2011 йилда Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон, Ўмон ва Қатар ҳукуматлари ўртасида имзоланган. 2013 йилда Қатар ундан чиқишини эълон қилган эди.

Мазкур транспорт-транзит йўлагининг бир қисми Ўзбекистон, Туркманистон ва Эронни боғлайдиган темир йўл орқали, яна бир қисми Эроннинг Бандар Аббос ва Чахбаҳор портларидан Ўмон портларига қадар денгиз йўли бўйлаб ўтади.

Қайд этилишича, мазкур ҳужжатнинг амалга оширилиши минтақалараро муносабатларда муҳим босқич бўлиб, ушбу кенг минтақадаги давлатлар ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтиришга ёрдам беради, иштирокчи-мамлакатлар иқтисодий ривожланишига муҳим туртки бўлиб хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, шу пайтга қадар Эрон нефть соҳасига халқаро миқёсда санкциялар жорий қилинган бўлиб, сўнгги дипломатик музокаралар натижасида ушбу мамлакатнинг нефть экспорти бўйича санкциялар олти ойга бироз юмшатилган эди.