Тошкентда 1979 йилда ҳалок бўлган “Пахтакор” жамоаси хотирланди

Тошкентдаги Боткин номидаги қабристонда 1979 йилда фожеали тарзда ҳалок бўлган «Пахтакор» жамоаси хотираси яна бир бора ёд олинди.

Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизматининг хабар беришича, шу йилнинг 11 август куни Украинанинг Днепродзержинск осмонида “Пахтакор” жамоасининг фожеали тарзда ҳалок бўлганига 35 йил тўлди. Шу муносабат билан “Пахтакор” футболчиларни хотирлаш учун бир қатор тадбирлар ўтказилди.

Дастлаб “Пахтакор” стадионида ўтказилган тадбирда “Пахтакор-79” ёдгорлиги олдида футболчилар яна бир бор хотирланди. Хотира тадбири кейинроқ Тошкентдаги Боткин қабристонида давом этди. Унда Футбол жамоатчилиги, “Пахтакор” Футбол клуби футболчилари ва раҳбарияти, ЎФФ ва ЎзПФЛ раҳбарияти, ЎФФ Фахрийлар кенгаши, “Пахтакор-79” қурбонларининг оила аъзолари ва ОАВ ходимлари “Пахтакор” жамоаси хотирасини яна бир бор ёд этишди.

Маълумот ўрнида шуни қайд этиш керакки, сана муносабати билан таниқли журналист Мавлон Шукурзода “Пахтакор”-79. Хотирлаймиз, қадрлаймиз, ғурурланамиз” деб номланган янги китоби чоп этилди.