Ўзбекистон Форс кўрфази портларига олиб чиқадиган транспорт йўлаги бўйича англашув меморандумини имзолади

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Масқат шаҳрида (Ўмон) Эрон Ислом Республикаси, Ўмон султонлиги, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирларининг учрашувида қатнашди. Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, учрашувда ушбу мамлакатлар Ташқи ишлар вазирлари Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Ўмон транспорт йўлагини ташкил этиш бўйича битимнинг кучга кириши бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолашди.

Хабарда айтилишича, мазкур ҳужжатнинг амалга оширилиши минтақалараро муносабатларда муҳим босқич бўлиб, ушбу кенг минтақадаги давлатлар ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтиришга ёрдам беради, иштирокчи-мамлакатлар иқтисодий ривожланишига муҳим туртки бўлиб хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йил 25 апрелда Ашхобод шаҳрида имзоланган Эрон Ислом Республикаси, Ўмон Султонлиги, Қатар Давлати, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматлари ўртасида халқаро транспорт ҳамда транзит йўлагини ташкил этиш Битими имзоланган эди. Бу транспорт коридори Ўзбекистоннинг денгиз портларига чиқиш имкониятларини кенгайтиради. Шунинг учун ҳам ўтган йили ноябрь ойида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Тошкентга ташриф доирасида ҳам бу масала алоҳида кўтарилган эди. Ўзбекистон томонининг фикрича, Эроннинг Бандар Аббос ва Туркиянинг Мерсин бандаргоҳлари йўналиши бўйича Туркманистон коммуникацияларининг рақобатбардошлиги ва жозибадорлигини ошириш учун тарифларни оптималлаштириш, қулай преференциялар жорий этиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, мамлакатларнинг Форс кўрфази портларига чиқишини таъминлаш учун Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон-Қатар халқаро транспорт ва транзит йўлагини барпо этиш тўғрисидаги битимни изчил ва тизимли равишда амалга ошириш зарурлиги ушбу учрашувда алоҳида қайд этилган эди.