“Ангрен—Поп” темир йўл линиясининг 60 фоиздан ортиғи қуриб битказилди

Ўзбекистоннинг водий вилоятларини бошқа ҳудудлар билан боғлайдиган 124 километрлик электрлаштирилган Ангрен – Поп темир йўлининг 60 фоиздан ортиқ қисми қуриб битказилди.  Мазкур линия Ўзбекистон Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлининг бир қисми ҳисобланади.

ЎзАнинг хабар беришича, 2013 йилда “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик темир йўл компанияси ва Хитойнинг China Railway Tunnel Group компанияси ўртасида Қамчиқ довонидан туннел орқали ўтадиган “Ангрен – Поп” темир йўл линиясини қуриш бўйича умумий қиймати 455 миллион долларлик шартнома имзоланиши билан хитойлик ҳамкорлар иштирокида бу борадаги ишлар бошлаб юборилди. Лойиҳа 19 километрлик темир йўл туннели қуришни кўзда тутади. Айни пайтда линиянинг 60 километрдан кўпроқ қисми қуриб битказилган.

Эслатиб ўтамиз, 2013 йил бошида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри ва Наманган вилоятининг Поп туманини боғлайдиган темир йўл қурилишини маълум қилган эди.

“Шу борада биз кўпдан буён ўйлаб юрган, бугунги кунга келиб рўёбга чиқариш имкони пайдо бўлган яна бир муҳим режамиз ҳақида сизларга ахборот бермоқчиман. У ҳам бўлса, Ангрен-Поп йўналишида умумий узунлиги қарийб 125 километр бўлган электрлаштирилган темир йўл қуриш лойиҳасини амалга оширмоқчимиз”, деганди Президент жумладан.

Ислом Каримовнинг айтишича, “…Бугунги кунда Фарғона водийсида 10 миллиондан ортиқ аҳоли яшайди. “Олтин водий” деб ном олган бу минтақани Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари билан темир йўл орқали боғлаш масаласини эътибордан четда қолдиришга бизнинг ҳаққимиз йўқ”.

Ўзбекистон раҳбари бу борадаги ишларни 2014-2015 йилларда албатта охирига етказишини айтган эди. “Насиб этса, 2016 йилда мана шу темир йўл қуриб битказилиши билан водийга, жумладан, Андижонга поезд билан бемалол қатнаш имконига эга бўламиз”, деб қайд этган эди Ислом Каримов.