Рустам Азимов: Ўзбекистон ҳукумати Жаҳон банки экспертларининг Роғун ГЭСи бўйича хулосасини кўриб чиқмайди

Аввал хабар қилинганидек, шу йилнинг 17-18 июль кунлари Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида Жаҳон банки шафелигида Роғун ГЭСи қурилиши лойиҳасининг асосий масалаларига бағишланган конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов бошчилигида делегация ҳам иштирок этди. Конференцияда Рустам Азимов маъруза билан чиқиш қилиб, лойиҳанинг экспертизаси бўйича Ўзбекистоннинг қатъий позициясини маълум қилди. Маъруза Ўзбекистон Ҳукумати порталида рус тилида эълон қилинди.

Рустам Азимов Ўзбекистон шу пайтга қадар Роғун ГЭСи “экспертиза”сига бағишланган тадбирларда иштирок этмаганини, бунга лойиҳани баҳолаш халқаро стандартлар асосида холис, шаффоф ва ошкора ўтказилмаслигига, қолаверса, уни ташкил қилиш жараёни, консультантларни ёллаш, молиялаштириш, техник вазифаларни белгилаб олиш халқаро талабларга мос келмаслиги сабаб бўлганини айтиб ўтди.

Унинг фикрича, Жаҳон банки лойиҳани молиялаштирувчи сифатида тендерни ўтказувчи ва буюртмачи сифатида Тожикистон ҳукуматини танлаганини “соғлом мантиққа” тўғри келмайди.

Ўзбекистон ҳукуматининг Жаҳон банкига юборилган хавотирлари қанчалик жиддий бўлмасин, инобатга олинмаган. Ўзбекистон Жаҳон банкининг ҳалоллик, ошкоралик, холислик ва халқаро амалиёт принципларига амал қилишига умид қилган эди, аммо буни Жаҳон банки оқлай олмади.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ҳукумати Алмати учрашувига ўз делегациясини юборишга ҳамда ўзининг қатъий позициясини баён этишга қарор қилган.

Рустам Азимов ўз маърузасида қатор Роғун ГЭСи лойиҳасини амалга ошириш қатор рискларга олиб келишини айтиб ўтган.

Молия вазирининг сўзларига кўра, 2013 йилда лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилаётган жойда 4 магнитудали ва ундан юқори бўлган 250 та зилзила, шу жумладан, 12 та 6 балл атрофидаги зилзила қайд этилган. Консультантлар эса бу хавф дарёнинг қуйидаги давлатларга хавфли бўлиб, лойиҳанинг кейинги босқичларида бунинг баҳолашини амалга оширишни тавсия қилишган. Бу профессионал ёндашув эмас. Бу борада Ўзбекистон делегацияси ўз хавотирларини илмий асослаб берган.

Айни пайтда Рустам Азимов сўнгги уч йил ичида экспертлар амалий аҳамиятга эга жуда кўп масалалар бўйича жавоб тайёрламаганини қайд этган. Унинг фикрича, Жаҳон банки, унинг экспертлари асосли профессионал баҳолашни амалга ошириш учун зарур ахборот ва малакага эга бўлмаган.

Шу сабабли Ўзбекистон ҳукумати Роғун ГЭСи бўйича тайёрланган экспертлик хулосасини кўриб чиқишни рад қилишини, бу профессионал экспертлик хулосасига тўғри келмаслигини қайд этган.

Маърузада қайд этилишича, лойиҳанинг моҳияти шундаки, ўз қўлида механизм, бошқа сўз билан айтганда, сиёсий ричагга эга бўлган Тожикистон бир тарафлама дарёнинг қуйи оқимида жойлашган давлатларга сиёсий босим ўтказиши мумкин. Бу эса минтақада сиёсий вазиятни беқарорлаштиради.

Бош вазир биринчи ўринбосарининг сўзларига кўра, бу лойиҳалар Амударё сув миқдорининг йилига 7,4 куб километр камайишига олиб келади. Бу эса амалда 385 минг гектар, қурғоқчилик йилларида эса 500 минг гектарни яроқсиз ҳолга келтиради. Бу 9,5 минг нафар фермер даромадларига, 1,5 миллион нафар одамнинг “қора қозони”га таъсир кўрсатади.

Агар Роғун ГЭСи қуриладиган бўлса, америкалик олимлар таҳлилига кўра, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги йилига 600 миллион доллар йўқотади, бу мамлакатнинг ЯИМнинг 2 фоизини ташкил қилади. 340 минг киши ишини йўқотади, қурғоқчилик йилларида мамлакат 1 миллиард доллар зарар кўради.

Оксфорд университети олимларига кўра, Роғун ГЭСи қурилиши 5 миллиард долларга айланади. Унинг амалий қиймати эса 10 миллиард долларга етади. Инфратузилма харажатлари билан эса 15 миллиард долларга етади. Бу Тожикистон ялпи ички маҳсулотидан икки баравар кўпдир.

Рустам Азимов АҚШ ҳукумати акциядор бўлган институтлар бўйи 15 метр бўлган тўғонлар қурилишини тақиқлаганини эслатиб ўтди. Бу Жаҳон банкига ҳам тегишлидир.

Рустам Азимов Жаҳон банки шафелигида ўтказилган мазкур экспертлик баҳолаши халқаро ҳуқуқ бўйича трансчегаравий давлатлар манфаатларини инкор қилишини айтиб ўтди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳукумати CASA 1000 юқори қувватли лойиҳасини амалга оширишга ҳам ўз баҳосини берди. Унда қайд этилишича, бу лойиҳа чуқур ўрганилмасдан амалга оширилишга рухсат берилган. Бу лойиҳани Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки қўллаб-қувватлашдан бош торгани бежиз эмас. Аммо Жаҳон банки қўллаб-қувватлаш ниятини маълум қилган.

Ўзбекистон ҳукумати Роғун ГЭСи қурилиши минтақада жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.  Чунки бу лойиҳанинг фақатгина Тожикистонга таъсири ўрганилган, холос.

Умуман, шуларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон ҳукумати Роғун ГЭСи бўйича экспертлик хулосасини қониқарсиз, деб баҳолаган ҳамда яна бир марта чуқур экспертиза ўтказишга чақирган. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати ҳеч қачон ҳар қандай шароитда ҳам ушбу лойиҳани қўллаб-қувватламаслиги маълум қилинди.