Ўзбекистонлик тадбиркорлар Латвия сабзавот маҳсулотларига қизиқиш билдирмоқда

Латвиялик сабзавотчилар ўз маҳсулотларини Ўзбекистонда сотиш имкониятига эга. Ўзбекистон савдо тармоқлари ушбу мамлакат деҳқонларидан мақбул нархларда сабзавот маҳсулотларини харид қилишга тайёр. Аммо давлат тадбиркорларга бир қатор тўсиқларни ҳал қилишда яқиндан ёрдам бериши керак, дейди Musmaju darzeni кооперативи раҳбари Эдите Страздиня.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон томони картошка, карам, айниқса, сабзига катта қизиқиш билдирмоқда. Ўзбекистон тупроғида Латвияникидек сувли сабзи етиштириб бўлмайди. Ўзбекистонлик тадбиркорлар ушбу маҳсулотларни мақбул нархларда вагонлаб харид қилишга тайёрлигини маълум қилишган. Айни пайтда парранда гўштига ҳам қизиқиш катта. Латвиялик тадбиркорнинг фикрича, Ўзбекистонда сифатли маҳсулотларга талаб ошмоқда.

Эдите Страздиня сўзларига қараганда, ҳукумат даражасида ҳал қилиниши лозим бўлган қатор масалалар бор. Масалан, конвертация, божхона муаммолари ва суғурталаш шулар жумласидандир.

Маълум бўлишича, латвиялик сабзавотчилар Россия санкцияси туфайли Польшадан кириб келаётган арзон маҳсулотлар туфайли жиддий оқибатларни ҳис қилишмоқда. Масалан, ўтган йилнинг шу давридагига қараганда сабзининг нархи 41 фоизга, қовоқнинг нархи 40 фоизга, бодрингнинг нархи 28 фоизга пасайган.

Бундан аввалроқ, Латвия тарафи Ўзбекистон тадбиркорлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркасини ҳамда латвиялик ишлаб чиқарувчилар билан учрашув ташкил қилишни режалаштираётгани хабар берилган эди.

Латвия бош вазири Лаймдота Страуюманинг айтишича, ушбу мамлакат иқтисодиёти Россия санкцияларидан 55 миллион евро атрофида зиён кўради.