Россия озиқ-овқат санкцияси: Ўзбекистон қандай йўл тутади?

Россиянинг Америка, Европа Иттифоқи, Австралия ва бошқа бир қатор мамлакатлардан озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишни тақиқлаш тўғрисидаги қарори Ўзбекистонда турлича кутиб олинди. Чунончи, оддий одамлар орасида мамлакатда Россияга озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажми оширилиши натижасида Ўзбекистонда озиқ-овқат танқислиги юзага келиши ҳам қимматлаши мумкинлиги ҳақида турли фикрлар юрмоқда. Албатта, расмий ва норасмий оммавий ахборот воситаларида ҳукумат аъзоларининг тегишли хулосалари билдирилмаслиги ёки сукут сақлаётгани ҳам бу миш-мишларнинг авж олишига сабаб бўлмоқда.

Айни пайтда Россия жорий қилган санкцияларни айрим ўзбекистонликлар илиқ кутиб олишди. Уларнинг фикрича, бу Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва Россия бозорига фаол кириб боришига замин яратади.

Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги вакилига таяниб “Новый век”нинг хабар беришича, Ўзбекистондан Россияга мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ўтган йили 200 минг тонна (300 миллион доллар)ни ташкил этди, бу йил у 50—60 минг тоннага ошиши мумкин. Хусусан, 2016 йил охиригача Ўзбекистон Россияга мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини икки марта — 500 минг тоннагача кўпайтириши мумкин.

Россияга мева ва сабзавотларни етказиб бериш Ўзбекистондан озиқ-овқат маҳсулотлар экспортидаги улуши 80 фоизни ташкил этади. Хабарларда айтилишича, ўтган йилнинг ўзидаёқ Ўзбекистон Россияга мева-сабзавот экспорти ҳажми бўйича Польша, Испания, Аргентина, Марокко ва Италия каби йирик етказиб берувчиларни ортда қолдирган.

Россия қишлоқ хўжалиги вазири Николай Федеровнинг “Россия 1” телеканалига берган интервьюсида айтилишича, Россия мева ва сабзавотларни импорт қилишда устувор аҳамиятга эга мамлакатлар рўйхати белгилаб олинган. “Озарбойжон, Ўзбекистон, Арманистон, Тожикистон, қайсидир маънода Қирғизистондан мева ва сабзавот импорти мамлакатимиз учун истиқболли ҳисобланади. Туркия, Эрон, Сербия, Марокко ва Миср ҳам бу борада катта аҳамиятга эга”, — деди у интервьюсида.

“Ватандош” билан мулоқотда бўлган экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон Россия жорий қилган санкциялар асосида ушбу мамлакатга озиқ-овқат маҳсулотлари миқдорини кескин кўпайтирмайди. Ўзбекистон ҳукумати иккита масалага жиддий қарайди: озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳаддан ташқари қимматлашиб кетиши ҳамда танқислиги — оғриқли муамммолардан ҳисобланади. Шунинг учун ички бозордан ортган ҳамда истиқболдаги ҳосил ҳисобига озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириб боради. Қолаверса, санкциялар бирмунча сиёсий масала бўлгани боис Ўзбекистон ҳукумати у ёки бу тарафга қўл чўзади, дейиш ҳам қийин. Шу билан бирга, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини амалга ошириш давлат томонидан ҳуқуқий жиҳатдан жиддий тартибга олинган. Шунинг учун кўча-кўйдаги олибсотарлар Россияга йўл олади, дейиш ноўрин.

  Мурод ҒОФУРОВ.