Ўзбекистон ҳукумати 1992 йилги заёмлар бўйича тўловни амалга оширишга киришди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 31 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли заём облигацияларининг индексация коэффицентини белгилаш тўғрисида” қарорига асосан заём облигациялари учун индексация коэффициэнти заём облигациялари бўйича ютуқ тўланмаган ҳолда 1,373 миқдорида белгиланган. Бу ҳақда тегишли маълумот “Халқ банки” сайтида жойлаштирилган.

Заём облигацияларининг индексация қилинган қиймати 2014 йил августдан бошлаб Халқ банкининг ваколатли филиаллари томонидан тўланади.

Заём облигациялари эгалари маблағларини олиш учун банк филиалига фуқаролик паспорти ва заём топширилганлигини тасдиқловчи “Тасдиқнома”ни тақдим қилиши лозим.

Мисол учун, агар сиз 1000 сўмга облигация топширган бўлсангиз, унда сизга 1373 сўм миқдоридаги маблағ тўлаб берилади (1000*1,373=1373 сўм).

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасининг 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли заёмини чиқариш ва уни тарқатиш тартиби тўғрисида”ги қарорига асосан, аҳоли ўртасида тарқатиш учун Ўзбекистон Республикасининг 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли заёми облигациялари чиқарилган.

Облигациянинг чиқариш шартларига асосан, уларнинг амалдаги муддати 20 йил этиб белгиланган.