Ўзбекистон Швейцарияни оффшор мамлакатлар рўйхатидан чиқарди

Швейцария конфедерациясининг Женева, Нешеталь, Фрибург ва Цуг кантонларини Ўзбекистоннинг оффшор зоналари рўйхатидан чиқариб ташланди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитасининг матбуот хизматига асосланиб, Anhor.Uz хабар беради.

Ушбу ўзгаришлар Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва Марказий банк бошқарувининг “Юридик ва жисмоний шахслар томонидан валюта операциялари амалга оширилишининг асосланганлиги юзасидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қўшма қарорига киритилгани маълум қилинади.

Ҳужжатда кўрсатилишича, Швейцария конфедерациясининг юқорида кўрсатилган кантонлари имтиёзли солиқ режимини ва (ёки) молиявий амалиётларни амалга оширишда ахборотни тақдим этиш ва фош этишни кўзда тутмайдиган давлатлар ва ҳудудлар рўйхатидан чиқарилди.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йил 1 июлда Ўзбекистон ДСҚнинг раиси Ботир Парпиев Бернда тегишли ҳужжатни имзолади ва бу билан Швейцария ва Ўзбекистон капиталига эга корхоналар учун солиққа тортиш тартибга солинди.