Ўзбекистон ҳукумати Украина билан эркин савдо зонасини ташкил этиш масаласини кўриб чиқади

Ўзбекистон ҳукумати Украина билан эркин савдо зонасини ташкил этиш масаласини МДҲ Эркин савдо зонасини ташкил қилиш тўғрисида шартнома шартлари нуқтаи назаридан кўриб чиқади. Бу ҳақда РИА Новости Ўзбекистон ҳукуматидаги манбасига таяниб хабар тарқатди.

“Биз яқиндагина Украина тарафидан таклиф олдик. Уни ҳар томонлама ўрганиб чиқиш керак. Албатта, бу узоқ давом этадиган жараёндир”, — деди агентлик манбаси. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон тарафи ушбу таклифни фақатгина МДҲ Эркин савдо зонаси иштирокчилари олдидаги мажбуриятлари доирасида кўриб чиқади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Украина иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири Павел Шеремет 2014 йилнинг охирига қадар Ўзбекистон ва Канада билан эркин савдо зоналарини ташкил қилиш бўйича музокаралар олиб борилаётганини маълум қилган эди.