Украина ҳарбий ислоҳотлари: кечиккан ташаббуслар

Куни кеча Украина халқи ўз мустақиллик кунини нишонлади. Ушбу мустақиллик байрами Украина учун том маънода мустақиллик байрамига айланди. Гап шундаки, Майдон инқилобидан сўнг Қримнинг Россия томонидан қўшиб олиниши, мамлакат шарқида айирмачилик ҳаракатининг авж олиши Украина давлатини ҳалокатли жарга олиб борган эди.

Шунинг учун ҳам Пётр Порошенко ўз нутқида украинларнинг руҳини кўтариш нуқтаи назаридан жиддий баёнот билан чиқиши керак эди. Аввало, 2009 йилда Виктор Янукович томонидан бекор қилинган ҳарбий парад қайта тикланди. Айрим экспертларнинг фикрича, мамлакат шарқида уруш кетаётган бир шароитда ҳарбий параднинг ўтказилиши мақсадга мувофиқ эмас эди. Лекин Украина ҳукумати халқ ғурурини кўтаришнинг энг мақбул йўлларидан бири сифатида ҳарбий парадни кўрди.

Пётр Порошенко ўз нутқида мамлакат шарқида кечаётган ҳарбий ҳаракатларни “эълон қилинмаган бўлса-да, ҳақиқий уруш” деб атади. У бу урушни Украина тарихига 2014 йилдаги Ватан уруши сифатида киришини қайд этди. “Бу ташқи агрессияга қарши, Украина, унинг озодлиги, шаъни ва шуҳрати, халқи ва мустақиллиги учун муқаддас урушдир”, — деди Порошенко.

Пётр Порошенко Украина армияси салоҳиятини ошириш бўйича тегишли чоралар кўрилишини қайд этиб, сўнгги уч йил давомида армияни қуроллантиришга 3 миллиард доллар атрофида маблағ ажратилишини маълум қилди.

Пётр Порошенко яна бир муҳим баёнот билан чиқди. Унинг наздида, сўнгги олти ой давомида “Ватан ҳимоячиси” деган тушунча мазмунан бойиди. Илгари у бир “мавҳум маросим ифодаси” бўлган.

“Украина армияси тарихида жуда кўплаб сана ва жанглар борки, улар Ватан ҳимоячилари куни сифатида нишонланишга муносибдир. Шуни эълон қиламанки: Украина қўшни мамлакатнинг тарихий календари бўйича ушбу байрамни нишонламайди. Биз бегоналарнинг эмас, балки ўз Ватанимиз ҳимоячиларини ҳурмат қиламиз”, — деди.

Шуни қайд этиш керакки, Ватан ҳимоячилари кунини 23 февраль куни нишонлаш 1922 йилда жорий қилинган бўлиб, шу пайтга қадар Россия, Украина, Беларусь, Қирғизистон, Тожикистонда нишонланар эди. Ўзбекистон ушбу санани нишонлашни 1994 йилдаёқ бекор қилган эди.