АҚШ элчихонаси: “Кечиктирилган визаларнинг аксарияти ўз эгаларига тақдим қилинди”

АҚШ давлат департаменти консуллик ишлари бюроси визалар тизимидаги муаммоларни ҳал этишда маълум муваффақиятга эришди ва дунё бўйлаб кечиктирилган визаларнинг аксарияти ўз эгаларига тақдим этилди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси маълум қилди.  “Ҳозирда тизимни олдинги тўла қонли фаолият даражасига қайтариш устида иш олиб бормоқдамиз”, — дейилади хабарда.

Элчихона айни пайтда визалари маъқулланган мурожаат этувчилар ўз визалари тайёр бўлишини бир ҳафта кутишлари зарурлигини маълум қилган. “Тизимда навбатдаги ўзгаришлар бўлгунга қадар, барча визалари маъқулланган мурожаат этувчилар ўз паспортларини виза билан суҳбат кунидан бир ҳафта ўтгач, соат 15:30 да олиб кетишлари мумкин бўлади. Сафар режаларини тузиш пайтида мазкур кутиш вақтини инобатга олишингизни сўраймиз”, — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 24 июлида Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчихонаси АҚШ давлат департаменти консуллик ишлари бюросининг паспорт ва визалар тизимида техник муаммолар туфайли виза беришни тўхтатган эди. Мазкур муаммо бутун дунё бўйлаб кузатилиб, айни бир давлат ёки фуқаролик хужжати ёхуд виза тоифасига тааллуқли эмас.