Абдулазиз Комилов: Ўзбекистон жаҳон бозорига олиб чиқадиган минтақавий транспорт-коммуникация лойиҳаларида фаол иштирок этмоқда

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлади. У ўз сўзида минтақавий ва халқаро хавфсизликка таҳдид ортиб бораётгани, ихтилоф ва урушлар тобора чуқурлашаётгани, йирик “кучлар” ўртасида дунёда янги беқарорлик ўчоқлари пайдо бўлишига олиб келадиган ҳамда ҳали-ҳануз давом этаётган глобал молиявий-иқтисодий таназзулдан чиқишни мушкуллаштирадиган геосиёсий қарама-қаршилик кучаяётгани чуқур хавотир ва ташвиш уйғотишини маълум қилди.

Вазирга кўра, Ўзбекистон вужудга келган барча муаммоларни тинч йўл билан, сиёсий воситалар ва саъй-ҳаракатлардан фойдаланилган тарзда, халқаро ҳуқуқнинг асосий меъёрларига ҳамда БМТ Низомига асосланган ҳолда музокаралар йўли билан ҳал этилишида кўради.

Абдулазиз Комилов яна бир бор Афғонистон масаласида тўхталиб ўтди. Унинг фикрича, Афғонистондаги вазият Марказий Осиёда ва минтақада хавфсизлик ва барқарорликка жиддий таҳдид солади. Бугун Афғонистонда юзага келаётган вазият сурункали беқарорлик хусусияти ва янада кескин тус олиш тенденциясига эга. Ушбу вазиятда хавфсизликка кўмаклашувчи халқаро кучлар (ISAF)нинг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши жадаллашуви ушбу мамлакатдаги вазиятни янада қийинлаштиради.

Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, афғон муаммосини бартараф этишдан манфаатдор бўлган барча томонлар бир масалада якдилдир, яъни Афғонистонда ҳарбий йўл билан тинчликка эришиб бўлмайди.
Ўзбекистон Афғонистон билан ўзининг барқарор ва дўстона муносабатларини ҳар икки мамлакатнинг миллий манфаатларидан келиб чиқиб ва фақат икки томонлама ҳамкорлик асосида ўрнатмоқда ва бундан кейин ҳам шундай йўл тутади. Афғон халқининг ўзи сайлайдиган ҳукуматни қўллаб-қувватлайди.

Абдулазиз Комилов фикрича, ҳали ҳамон давом этаётган глобал молиявий-иқтисодий инқироз шароитида транспорт-коммуникация тараққиёти и минтақавий иқтисодий ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши Марказий Осиёда барқарорлик ва ривожланишни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. “Транспорт-коммуникация соҳасида минтақамизни жаҳон бозорлари билан боғлайдиган йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш минтақалараро савдо-иқтисодий ҳамкорликни ўрнатиш, инвестиция жалб қилиш, ижтимоий ва саноат инфратузилмасини ривожлантириш, қўшни ҳудудларнинг барқарор равнақ топишига хизмат қилади”, — деди вазир, жумладан.

Вазир бу ерда сўз, авваламбор, Марказий Осиё мамлакатарини Яқин Шарқ билан энг қисқа, ишончли ва хавфсиз йўналиш орқали боғлайдиган “Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Ўмон” халқаро транспорт йўлаги ҳақида бораётганини қайд этди. Бу борада Ўзбекистоннинг “Ҳайратон — Мозори Шариф” темир йўли линиясини қуришга ёрдам бергани муҳим аҳамият касб этди. Негаки, ушбу темир йўл Афғонистонни ташқи дунё билан боғлайдиган ягона транспорт йўлидир.

Абдулазиз Комилов трансчегаравий дарёларнинг юқори оқимида манфаатдор мамлакатлар билан келишмаган ҳолда гидроэнергетик иншоотларни қуришга йўл қўйиб бўлмаслигини қайд этди. Абдулазиз Комилов янги гидроиншоотларнинг дарёлар табиий оқимига, атроф муҳитга, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига эҳтимолий таъсирини баҳолаш учун холис халқаро экспертизадан ўтказиш зарурлигини қатъий таъкидлаб ўтди.