Ўзбекистон Афғонистонда янги президент сайланиши чўзилаётганидан хавотир билдирди

     

    Ўзбекистон бугун Афғонистонда юзага келаётган вазият сурункали беқарорлик хусусияти ва янада кескин тус олиш тенденциясига эгалигидан хавотир олмоқда.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг ШҲТнинг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган саммитида қилган нуқтида  афғон муаммосини бартараф этишдан манфаатдор бўлган барча томонлар бир масалада якдил эканлигини, яъни Афғонистонда ҳарбий йўл билан тинчликка эришиб бўлмаслигини қайд этди. Нутқ матни ЎзА сайтида эълон қилинди.

    Ўзбекистон раҳбариятига кўра, Афғонистонда уруш йилларида тинч ҳаёт ҳақида тасаввурга ҳам эга бўлмаган бутун бир авлод вояга етди. Жорий йилнинг июнь ойида Афғонистонда ўтказилган президент сайлови шуни кўрсатдики, афғон халқи тўхтовсиз қон тўкиш ва зўравонликдан, кўп йиллик қашшоқлик, вайронагарчиликдан чарчади ва бугунги кунда мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишини, ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга бўлишни истайди.

    “Айни пайтда сайловчиларнинг овозини қайтадан санаш ва Афғонистон президентлигига сайлов натижаларини эълон қилиш ва давлатнинг янги раҳбарининг ўз вазифасини бажаришга расман киришиш жараёни чўзилаётгани мамлакатда келгусида барқарорликка эришиш борасида кучли хавотир уйғотмоқда”, — деди Ислом Каримов.

    Афғонистонда воқеаларнинг бу тарзда ривожланиши мамлакатда ички сиёсий вазиятни бутунлай издан чиқариши, миллий хавфсизликка ва қарама-қаршиликларни тинч йўл билан ҳал этиш истиқболларига реал хавф солиши, музокаралар жараёнида муросага эришиш, ўзаро курашаётган барча томонлар ва Афғонистондаги миллий-диний гуруҳлар вакилларидан ташкил топиши мумкин бўлган коалицион ҳукуматни шакллантиришга халақит бериши мумкин.

    Ўзбекистон Президенти хавфсизликка кўмаклашувчи халқаро кучларнинг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши таҳдидларнинг кучайиши ва беқарорликнинг ўсишига, террористик ва экстремистик фаолиятнинг кенгайишига ҳамда наркотрафик кўламининг нафақат Марказий Осиё минтақасида, балки ундан узоқ бўлган ҳудудларда ҳам ортишига олиб келишини таъкидлади.

    “Бундай вазиятда Афғонистонда юзага келадиган ҳар қандай бўшлиқни қисқа муддатда турли бузғунчи ва террористик гуруҳлар эгаллаб олиши мумкин”, — деди у.

    Ўзбекистон раҳбари оқибатини олдиндан айтиб бўлмайдиган бундай шароитда айрим сиёсий кучлар ва уларни қўллаб-қувватлайдиган давлатларнинг Афғонистонда тартибсизликни юзага келтириш ва вазиятни янада чигаллаштиришга уринишларини инкор этиб бўлмаслигини қайд этиб, Ироқдаги бугунги вазият такрорланишидан огоҳлантирди.

    “Ўзбекистон Афғонистон билан ўзининг барқарор ва дўстона муносабатларини ҳар икки мамлакатнинг миллий манфаатларидан келиб чиқиб ва фақат икки томонлама ҳамкорлик асосида ўрнатмоқда ва бундан кейин ҳам шундай йўл тутади. Афғон халқининг ўзи сайлайдиган ҳукуматни қўллаб-қувватлайди”, — деди Ислом Каримов.