Жиддий сиёсий ўзгаришлар Афғонистонни хаосдан қутқариб қоладими?

Ўтган ҳафтанинг энг муҳим воқеаларидан бири, шак-шубҳасиз, Афғонистонда президент сайлови якунларининг эълон қилингани бўлди. Буни сайлов якуни ҳам, деб бўлмайди. Гап шундаки, уч ойдан бери давом этаётган сиёсий инқироз мамлакатнинг келажагини савол остида қолдираётган эди. Афғонистон Ислом Республикаси Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини эълон қилмасдан, Ашраф Ғанини президент сифатида эълон қилди, холос. Сайлов натижаларини қайта санаб чиқиш якунлари эса икки номзод сайлов штабларига маълум қилган. Афғон нашрларининг қайд этишича, ўртадаги фарқ Ашраф Ғани фойдасига 3 фоизни ташкил қилган.
BBC’нинг хабар беришича, Афғонистон президент сайлови иккинчи турида иштирок этган Абдулла Абдулла ва Ашраф Ғани мамлакатда миллий бирдамлик ҳукуматини тузиш ҳамда ҳокимиятни бўлиш тўғрисида битим имзолади. Кобулда президент саройида имзоланган мазкур сулҳ Афғонистондаги ҳокимият бўлиниши принципини қайта кўриб чиқишни талаб қилади.

Тинчлик учун конституция ўзгаради

Битимга кўра, Ашраф Ғани президент курсини эгаллайди. Абдулла Абдулла эса ҳукумат раҳбари номзодини илгари суриш ҳуқуқига эга бўлди. Шу муносабат билан Афғонистон қонун чиқарувчи органи — Лоя Жирға сўнгги икки йил ичида мамлакат конституциясига тегишли ўзгартиш ва қўшимчаларни киритади.
Ҳукумат раҳбари президент олдида ҳисобдор бўлади. Абдулла Абдулла, яъни бош вазир президент билан бир вақтнинг ўзида вазифасини бажаришга киришади. Абдулла Абдулланинг икки нафар ўринбосари, шунингдек, ҳукумат ва Хавфсизлик кенгаши таркибига киради.
Шуни қайд этиш керакки, АҚШ Давлат котиби Жон Керри икки номзод билан олиб борган музокараларида миллий бирдамлик ҳукуматини шакллантиришга чақирган эди ва бу учун тегишли таклифлар киритган эди. Кузатувчилар фикрича, бу Жон Керрининг муваффақияти ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг хавотир олишига асос борми?

Ўзбекистон бугун Афғонистонда юзага келаётган вазият сурункали беқарорлик хусусияти ва янада кескин тус олиш тенденциясига эгалигидан хавотир олаётган эди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг ШҲТнинг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган саммитида қилган нуқтида “…сайловчиларнинг овозини қайтадан санаш ва Афғонистон президентлигига сайлов натижаларини эълон қилиш ва давлатнинг янги раҳбарининг ўз вазифасини бажаришга расман киришиш жараёни чўзилаётгани мамлакатда келгусида барқарорликка эришиш борасида кучли хавотир уйғотмоқда”, деб таъкидлаган эди.
Ислом Каримовнинг фикрича, Афғонистонда воқеаларнинг бу тарзда ривожланиши мамлакатда ички сиёсий вазиятни бутунлай издан чиқариши, миллий хавфсизликка ва қарама-қаршиликларни тинч йўл билан ҳал этиш истиқболларига реал хавф солиши, музокаралар жараёнида муросага эришиш, ўзаро курашаётган барча томонлар ва Афғонистондаги миллий-диний гуруҳлар вакилларидан ташкил топиши мумкин бўлган коалицион ҳукуматни шакллантиришга халақит бериши мумкин.
Айрим экспертларнинг фикрича, янги миллий бирдамлик ҳукуматининг тузилиши қувонарли ҳол бўлса-да, унинг нечоғли самарали бўлишини вақт ва ҳаёт кўрсатади. Чунки Афғонистонда шаклланган миллий ва этник ҳолат, қолаверса, сўнгги йиллардаги ҳарбий тўқнашувлар ушбу мамлакатда ҳар доим ҳам режаларнинг силлиқ ишлашига йўл қўйиб бермайди.

Кечиккан президент

Афғонистонда 5 апрель куни бўлиб ўтган сайловнинг биринчи турида Абдулла Абдулла 45 фоиз, Ашраф Ғани эса 31,6 овоз олганди.
Афғонистон Мустақил сайлов комиссиясига кўра, шу йилнинг 14 июнь куни бўлиб ўтган президент сайловининг иккинчи турида Ашраф Ғанига 56,44 фоиз сайловчилар овоз берган. Унинг рақиби Абдулла Абдулла эса 43,56 фоиз олган. Аммо Абдулла Абдулла Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликни тўхтатиб, амалдаги (собиқ) президент Ҳамид Карзайнинг санаш жараёнига яширин таъсир кўрсатаяпти, деган иддоа билан ўз кузатувчиларини чақириб олди. Бундан аввалроқ, Абдулла Абдулла ўз рақиби Ашраф Ғани Аҳмадзойни оммавий равишда овозларни қалбакилаштирганликда айблаган эди. Унинг айтишича, сайлов жараёнида 2 миллиондан ортиқ овоз қалбакилаштирилган.

Афғонистонни ким бошқаради?

Абдулла Абулла тажрибали сиёсатчилардан бири бўлиб, у сиёсий саҳнага 1980-йилларда кириб келган. У шимолий альянс раҳбари Аҳмад Шоҳ Масъудга маслаҳатчи бўлган.
Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, у президентлик сайловида тўлиқ ишлаб чиқилган сайловолди дастури билан иштирок этди. Ушбу дастурларга кўра, сиёсий ўзгаришлар кўзда тутилган. Чунончи, губернаторларнинг тўғридан-тўғри сайловини жорий қилиш, Афғонистон парламенти юқори палатаси — оқсоқоллар кенгашини ислоҳ қилиш кўзда тутилмоқда. Аксарият экспертлар унинг ҳокимиятга келиши мамлакатда кланлар, ҳудудлар ва миллатлар ўртасида манфаатлар мувозанатини таъминлаш, сиёсатчиларни тийиб туришда катта таъсирга эга бўлмайди, деб ҳисоблайди.
Ашраф Ғанининг устун жиҳати шундаки, у нафақат пуштун сайловчиларига ёқиши мумкин, балки Ғарб билан мулоқот ва музокара олиб боришда катта тажрибага эга. Шунингдек, иқтисодий менежмент кўникмаларига эга. Айниқса, Ғарб Афғонистонга кўрсатиладиган молиявий кўмак миқдорини камайтириши хусусида бонг уриб турганда, унинг хизматига катта эҳтиёж туғилади.

Албатта, сиёсат ўз йўлига. Лекин жафокаш афғон халқи тинч-тотув яшаш, барқарор ишлайдиган ҳукуматга эга бўлиши керак бўлган вақт аллақачон етиб келди.