Ўзбекистон банки янги мобиль операторига 211 миллион доллар кредит беради

“Алоқабанк” акциядорлик тижорат банки «МТС» ўрнига очиладиган янги UMS (Universal Mobile Systems) мобил операторига 500 миллиард сўм (Марказий банк курси бўй ича 211 миллион доллар) кредит тақдим этди. Бу ҳақда UzDaily хабар тарқатди.

Банк маълумотларига кўра, “Алоқабанк” акциядорлари Universal Mobile Systems МЧЖга ушбу миқдордаги кредит бериш тўғрисида қарор қабул қилган.

Шуни қайд этиш керакки, “МТС” компанияси Ўзбекистон ҳукумати билан муроса битими имзолаб, Ўзбекистонда янги қўшма корхона — Universal Mobile Systems ташкил этишга келишиб олган эди. Корхонанинг 50,01 фоизи «МТС»га, 49,99 фоизи эса Ўзбекистон ҳукуматига тегишлидир.

UMS’ни рўйхатга олиш ишлари 25 сентябрга қадар тугалланиши кутилмоқда. Бундан ташқари, қўшма корхонанинг 1 ноябрга қадар техник, 1 декабргача эса тижорий эксплуатацияни амалга ошириши режалаштирилган.
Янги компания ҳақидаги сўнгги маълумотлар унга 2,5 миллионта телефон рақами ажратилгани ва ушбу рақамлар рўйхатидан иборат бўлди.