Тошкент вилояти божхона бошқармаси бошлиғи порахўрликда айбланиб қўлга олинди

Ўзбекистон махсус хизматлари мамлакат божхона хизматининг бир қатор юқори мартабали мансабдор шахсларини порахўрлик айби билан ҳибсга олди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Хабарда қайд этилишича, Давлат божхона қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи,  божхона хизмати полковниги Сирожиддин Ғуломов ва унинг ўринбосари, шунингдек, Тошкент вилоятидаги икки божхона постининг бир қатор инспекторлари ҳибсга олинган.

Маълум бўлишича, тергов жараёнида давлат чегарасини кесиб ўтаётган тадбиркорлар, жисмоний шахслардан товламачилик йўли билан пора олиш, пора олиш ҳисобига ходимларни юқори лавозимларга тайинлаш, пул тўплаш мақсадида жиноий гуруҳ тузиш ҳолатлари ўрганиб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг июнь ойида Ўзбекистонда Давлат божхона қўмитаси турли бўлинмаларининг 100 га яқин ходимлари эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Ўзбекистондаги мустақил “Podrobno” ахборот агентлигининг хабар қилишича, коррупцияга қарши курашиш амалиёти доирасида Давлат божхона қўмитасининг контрабандага қарши курашиш бошқармаси бошлиғининг икки нафар ўринбосари ҳам ҳибсга олинган.