Европа Иттифоқи раҳбарларининг янги авлоди ҳокимиятга келмоқда

Польша бош вазири Дональд Туск Европа Иттифоқи кенгашининг янги раиси, Италия ташқи ишлар вазири Федерика Могерини эса Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили этиб сайланди. Бу лавозимларда бельгиялик Ҳерман ван Рампей ва британиялик Кэтрин Эштон ишлаб келаётган эди.

Брюсселда ташкил этилган матбуот анжуманида Дональд Туск охирги пайтлар ўз мамлакатини бошқариш билан банд бўлганлигини ҳамда Европа Иттифоқининг олий лавозимига тайёргарлик кўрмаганини қайд этди.

“Европада ҳеч нарса мукаммал эмас, шу жумладан, менинг инглиз тилини билишим ҳам. Аммо уни сайқаллайман. Хавотирланманг, декабрда мен инглиз тилида бемалол гапира оламан”, деди у.

Ушбу лавозимда Шарқий Европадан биринчи марта тайинланган Дональд Дуск ўзининг Россияга қарши қаттиқ позицияси билан анча танилган.

Могерини эса Россияга кўпроқ мойиллик билдириб келади. Италиялик дипломат Украина инқирозини ҳал қилишда қамчини ҳам, пряникни ҳам ишлатишни ваъда қилмоқда. Унинг қайд этишича, Европа Иттифоқи муаммони ҳал қилиш учун дипломатик мулоқотга доим тайёр ва очиқ туриши лозим.

Экспертларнинг фикрича, Туск ва Могерини жуфтлиги нафақат ўзаро тил топа олади, айни пайтда бир-бирини тийиб туришда ҳам фаоллик кўрсатиши мумкин.