Эрон ШҲТнинг тўлақонли аъзоси бўлишга интилмоқда

Эрон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига имкон қадар тезроқ тўлақонли аъзо бўлишга интилмоқда. Бу ҳақда Эроннинг Ўзбекистондаги эчлиси Али Мардоний Фард маълум қилган.

Дипломатнинг фикрича, Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТ саммити Эроннинг мазкур тузилма таркибига тўлиқ қўшилишига хизмат қилиши керак.

Элчининг сўзларига кўра, ШҲТнинг сентябрь ойидаги саммитида Ташкилотга аъзоларни қабул қилиш қоидалари тасдиқланганидан сўнг Теҳрон “ушбу тузилмада тўлақонли аъзо бўлиш учун ўз аризасини илгари суришни фаоллаштириш”ни режалаштирилмоқда.

Шуни қайд этиш керакки, ҳозирги кунда Эрон президенти Ҳасан Руҳоний уч кунлик расмий ташриф билан Тожикистонда бўлиб турибди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон ва Тожикистон ШҲТ аъзоларидир, Афғонистон, Ҳиндистон, Монголия, Эрон ва Покистон эса кузатувчи мақомига эга. Шри-Ланка ва Туркия мулоқот бўйича шериклар ҳисобланади.

ШҲТга аъзолик бўйича амалдаги тартибга кўра, БМТ Хавфсизлик кенгаши қарори асосида санкциялар остида бўлган давлатларнинг аъзоликка қабул қилинмайди.