Ўзбекистон Бош прокуратураси: “Уюшган жиноий гуруҳнинг ҳар бир аъзосига нисбатан жазо муқаррарлиги принципининг қатьий қўлланилиши таъминланади”

Бош прокуратура томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда Н.Содиқов, Р.Мадумаров, Г.Авакьян ва бошқалар ташкил этган уюшган жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан жиноят ишлари бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, жиноий гуруҳ фаолиятига умумий раҳбарлик Н.Содиқов ва Р.Мадумаровлар томонидан амалга оширилиб келинган. Уюшган гуруҳ аъзолари 2011—2013 йиллар давомида тадбиркорлик фаолияти ниқоби остида шантаж ва товламачилик йўли билан, шунингдек ҳужжатларни сохталаштириш орқали тизимли равишда хўжалик соҳасидаги жиноятларни содир этиш билан шуғулланиб, давлатга жуда кўп миқдорда зарар етказганлар.

Жумладан, жиноий гуруҳ томонидан, давлат активларини сунъий пасайтирилган нархларда қўлга киритиш ва бошқа усуллар билан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг 5,5 млрд. сўмлик, “Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston Ltd” МЧЖ ҚКнинг 11,9 млрд. сўмлик, “Фарғона НҚИЗ” УШКнинг 40,1 млрд. сўмлик, шунингдек бошқа корхона ва ташкилотларнинг 102 млрд сўмлик активлари талон-торож қилинган ва ўзлаштирилган.

Прокуратура матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, 2014 йил 24 майда суд томонидан Р.Мадумаров, Г.Авакьян ва бошқаларга нисбатан жиноят иши бўйича айблов ҳукми чиқарилиб, улар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси 3-қисми “а, в” бандлари ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, уларга қонун доирасида жазо тайинланган.

Бугунги кунда уюшган гуруҳ аъзоларининг асосий қисмига нисбатан жиноят ишлари кўриб чиқиш учун суд муҳокамасига юборилиб, улар бўйича суд қарорлари чиқарилиши таъминланган.

Расмий пресс-релизда ошкор қилинишича, уюшган гуруҳнинг қидирувда бўлган ҳамда ҳозирда етарли материаллар тўпланмаган айрим аъзоларига нисбатан жиноят ишининг бир қисми алоҳида иш юритувга ажратилган. Хусусан, Г.Каримова ва жиноий гуруҳ аъзолари А.Гафурова, А.Курбанов, Б.Сулейманов, Ш.Камильджанов, Р.Мустафаевлар ҳақида сўз юритилмоқда”.

“Тергов ҳаракатлари давомида етказилган иқтисодий зарарни тўлиқ қопланиши юзасидан чоралар кўрилмоқда. Ҳозирги вақтда жиноий гуруҳ аъзоларининг Ўзбекистондаги 457 млрд. сўмлик мулклари давлат даромадига ўтказилди.

Тергов натижаларига кўра, уюшган жиноий гуруҳнинг ҳар бир аъзосига нисбатан жазо муқаррарлиги принципининг қатьий қўлланилиши таъминланади”, — дейилади прокуратура хабарида.