Бош прокуратура Гулнора Каримова номи тилга олинаётган жиноят иши бўйича изоҳ берди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Гулнора Каримованинг қизи – Имон Каримова уй қамоғида сақланаётгани ҳақидаги чет эл ОАВида пайдо бўлган ахборотларни рад этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби ОАВга маълум қилган.

Бир қатор хорижий ОАВда Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи – Гулнора Каримова ва уларнинг қайд этишича, АҚШ фуқаролигига эга ҳамда вояга етмаган қизи Имон Каримова уй қамоғида сақланаётгани, тенгдошлари билан мулоқотдан ажратиб қўйилгани, таълимини давом эттира олмаётгани ва малакали тиббий хизматга мухтожлиги ҳақида хабарлар тарқатилганди

“Бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноий ишларга Имон Каримованинг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шундан келиб чиқиб Бош прокуратура ёки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари томонидан унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини, хусусан, ҳаракатланиш эркинлигини чеклаш бўйича ҳеч қандай процессуал чоралар кўрилгани йўқ, – деди Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари.

Унинг қайд этишича, Имон бу йили 16 ёшга тўлди ва у Ўзбекистон Республикасидан чиқиб, исталган йўналишда ҳаракатланиши мумкин. Бундан ташқари, Имон Америка Қўшма Штатларида туғилгани муносабати билан, АҚШ фуқаролигини қабул қилиш ҳуқуқига эга. Ҳар нима бўлганда ҳам, бу унинг танлови билан боғлиқ масаладир.

“Бош прокуратура Гулнора Каримова ва унинг қизи саломатлиги тўғрисида бирор-бир маълумот бера олмайди. Бизнинг маълумотлар бўйича бу борада уларда ҳеч қандай муаммо йўқ. Ҳар ҳолда, бу саволларга жавоб бериш тиббиёт муассасалари ваколатига киради”, – дейилади Бош прокуратура хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган Terra Group ва бошқа бир қатор йирик компанияларнинг раҳбарларига қарши жиноий ишлар очилиб, кейинчалик улардан бир қаторлари, хусусан, Г. Авакьян, Р. Мадумаров, Н. Содиқов ва бошқалар Тошкент Ҳарбий суди томонидан озодликдан маҳрум этилган эди.

Қайд этишларича, ушбу жиноий ишларнинг материалларида Гулнора Каримова ва бошқаларнинг исм-шарифларини кўриш мумкин.