Apple iPhone 6 ва iPhone 6 plus савдосида рекорд кўрсаткичга эришди

Дунёга машҳур Apple компанияси сўнгги уч кун ичида 10 миллион дона iPhone 6 ва iPhone 6 plus смартфонларини сотишга муваффақ бўлди. Корпорациянинг хабар беришича, бу компания тарихидаги рекорд кўрсаткичдир.
“iPhone 6 ва iPhone 6 plus савдоси биз кутганимиздан ортиқ бўлди, қувончимизнинг чеки йўқ”, деди компания ижрочи директори Тим Кук.

Шуни айтиш керакки, компания маҳсулотлари савдоси шу йилнинг 19 сентябрь куни АҚШ, Австралия, Канада, Франция, Германия, Гонгконг, Япония, Пуэрто-Рико, Сингапур ва Буюк Британияда бошланган эди.
Компания 12 сентябрдан ўз сайти орқали онлайн буюртмалар қабул қилишни бошлаган эди. Ўшанда ҳам бир сутка давомида 4 миллионта айфонга буюртма келиб тушган эди.

Компания ўтган йили куз фаслида уч кун ичида 9 миллион iPhone 5S ва iPhone 5C смартфонини пуллаган эди. Ўшанда Apple маҳсулотлари савдоси амалга оширилган мамлакатлар қаторида Хитой ҳам бор эди. Ҳозирча Хитой iPhone 6 ва iPhone 6 plus савдосига рухсат бергани йўқ.

Аксарият экспертларнинг фикрича, маҳсулотларнинг илк ҳафтадан бундай оммавий савдоси ушбу маҳсулот муваффақиятли чиққанидан далолатдир. Шуни қайд этиш керакки, iPhone Apple даромадларининг 70 фоизини олиб келади.
Ҳозирда компаниянинг бир дона акцияси Nasdaqда 101,3 доллар баҳоланиб, унинг умумий капитализацияси 604,5 миллиард долларни ташкил қилмоқда.