Нуқтаи назар: Ўзбекистоннинг НАТОга охирги сўзи

Маълумки, шу йилнинг 4-5 сентябрь кунлари Уэльсда (Буюк Британия) Шимолий Атлантика альянси — НАТОнинг навбатдаги саммити бўлиб ўтади.

Унда мазкур ҳарбий тузилмага аъзо давлатлар раҳбарлари, шунингдек, тузилма билан турли йўналишларда ҳамкорлик қиладиган мамлакатлар вакиллари ҳам иштирок этади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, НАТО бош котиби Андерс Фон Расмуссен таклифига биноан, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этади. Хабарда қайд этилишича, Ўзбекистон саммит доирасида ташкил этиладиган Афғонистон бўйича йиғилиш ишларида қатнашади.

Хўш, Ўзбекистон жорий йил Афғонистонни тарк этиши кутилаётган НАТО қўшинларига қандай фикрларни етказишни мақсад қилган?

Биринчидан, Абдулазиз Комилов Ўзбекистон раҳбариятининг 2014 йил охирига қадар НАТО қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетиши билан боғлиқ хавотирини етказади. Ўзбекистон тарафининг фикрича, муросага келаётган томонлар олдига нафақат музокара жараёнини чўзадиган, балки кескинликнинг яна авж олишига, зиддият ва тортишувларнинг янада кучайишига олиб келадиган шартлар қўйилиши мутлақо самарасиз ва бунга сира йўл қўйиб бўлмайди. Ислом Каримовнинг қайд этишича, мамлакатда юзага келган вазият Афғонистондан ISAF тинчликпарвар кучларининг 2014 йилнинг охирига қадар олиб чиқиб кетиш якуний муддатини узайтиришни талаб қилади.

Иккинчидан, Афғонистондаги сиёсий вазиятнинг танг бўлиб қолаётгани ҳам Ўзбекистон учун хавотирли ҳисобланади. Ўзбекистон Афғонистоннинг яқин қўшниси сифатида унинг ички ишларига аралашмаслик, ҳамкорликни фақат икки томонлама асосда ташкил қилиш, Афғонистон халқи сайлаган ҳукуматни қўллаб-қувватлаш сиёсатида қатъий туради. Шундай бўлса-да, халқаро ҳамжамият мамлакатдаги сиёсий инқирозни ҳал қилишда собитлик кўрсатиши айни заруратдир.

Учинчидан, Ўзбекистон фикрича, Афғонистондаги можарони бартараф этишнинг ягона тўғри йўли – сиёсий йўл бўлиб, музокаралар орқали қарама-қарши томонларнинг ўзаро келишувига эришиш, мамлакатнинг асосий миллий-этник гуруҳлари вакилларидан иборат ҳукуматни шакллантиришдир. Афсуски, сайловларнинг иккинчи босқичидан сўнг юзага келган вазият ушбу мақсад ва ниятларни ҳаётдан узоқлаштириб юборди. Агар илгари Афғонистон ҳукумати ва толибонлар ўртасида қарама-қаршилик бўлган бўлса, эндиликда миллий ва этник қарама-қаршилик ҳам кучайиб кетади.

Тўртинчидан, 2014 йилнинг охиридан сўнг бир қатор мамлакатлар Афғонистонда чекланган қўшинни қолдиришни мақсад қилган. Ўзбекистон уларнинг Афғонистонда терроризм хавфини камайтиришдаги роли ва вазифалари бўйича атрофлича маълумот олишни исташи турган гап. Чунки 2001 йилда бошланган уруш амалда якунланган бўлса-да, асосий душман тўлиқ поймол этилгани йўқ.

Бешинчидан, НАТО Афғонистондан чиқиб кетгач, айрим ҳарбий техникаларни Марказий Осиё мамлакатларига, шу жумладан, Ўзбекистонга бериши мумкинлиги ҳақида турли хабарлар бор. НАТОнинг Уэльс саммитида мана шу масалада ҳам айрим келишувларга эришиш мумкин. НАТО Бош котиби махсус вакили Жеймс Аппатурайнинг қайд этишича, НАТО ташкилот сифатида у ёки бу ҳарбий техниканинг эгаси ҳисобланмайди. Барча ҳарбий техникалар альянснинг аъзоларига — алоҳида давлатларга тегишли. Агар бундай қарор қабул қилинса, у икки томонлама тартибда амалга оширилади. У ёки бу давлат, табиийки, НАТО маъмуриятининг бу борадаги тавсияларига алоҳида эътибор қаратади, албатта.

Мурод ҒОФУРОВ.