Нуқтаи назар: Миллий байроқни кўз-кўз қилиш айбми?

Истиқлолимизнинг 23 йиллигини Ўзбекистонда ва хорижда яшовчи ватандошларимиз ўзларига хос усулда нишонлашди.  Кимдир байрамда шаҳар айланган бўлса,  яна кимдир Мустақиллик майдонида ташкил этилган театрлаштирилган кечага ташриф буюрди.  Яна кимдир байрам бу дам олиш деб, кўчага ҳам чиқмай уйида ўтирди.  Байрам бу дастурхон тузаб маза қилиб овқатланиш деб ўйловчилар эса ошхўрлик қилишди.

Ижтимоий тармоқларда Мустақиллик байрами нишонланганига оид видео ва суратлар тарқатилди.  Эътиборлиси, миллий байроғимизни кўз-кўз қилиб байрамни нишонлаганларнинг аксарияти хорижда яшовчи юртдошларимиз эканлиги маълум бўлди.

Нью-Йоркда яшовчи ватандошларимиз ҳам бир неча кун давомида Мустақиллик кунини нишонлашди.  Биринчи тадбир 31 август куни “Тарона Медиа” ташкилоти томонидан ташкил қилинган концерт бўлса,  яна бир тадбир Манҳеттаннинг Уолл стритида жойлашган тарихий майдонда юртимиз байроғининг расмий равишда кўтарилишига бағишланган маросим бўлди.  Энг асосий тадбир эса “Ватандош” Ўзбек-Америка Федерацияси ва “UNIC” ёшлар ташкилоти билан ҳамкорликда Нью-Йорк кўчаларида ўтказилган автомашиналар паради бўлди. Кўпчилик ёшлар миллий байроғимиз билан ташриф буюриб,  юртимизга,  мустақиллигимизга бефарқ эмаслигини фаол равишда намойиш этди.  Машиналар паради бошлангунга қадар қўшиқ куйлаб рақс тушишди.  Парад давомида эса машиналарга осилган миллий байроғимизни кўз-кўз қилиб, Нью-Йорк кўчаларини айланишди.  Бу ҳолат эса оддий америкаликларни бефарқ қолдирмади.  “Қайси юрт байроғи, нимани нишонлаябсизлар?” каби кўплаб саволлар берилди.

Бу парад кундалик ҳаётда “Ўзбекистонданман”,  деган пайтингизда “Ҳа, Покистонданмисиз,  Покистонни биламан”,  дейдиган одамлар учун,  юртимиз Ўзбекистон ҳақида хабари йўқ айрим америкаликлар учун мустақил Ўзбекистон ҳақида янада кўпроқ маълумот бериш ва уларга байроғимизни кўрсатиш имконини яратди.  Ушбу тадбир кўпчиликка манзур бўлди.

Бир зумда ижтимоий тармоқларда миллий байроғимизни ҳилпиратиб Истиқлол байрамини нишонлаган ватандошларимиз акс этган видеолавҳалар ва суратлар тарқалди.  Уларга ёзилган шарҳларни ўқирканман,  парадни кўпчилик ижобий қабул қилганлигининг гувоҳи бўлдим.  Аммо “Байроқ кўтарган ҳамма патриотлар,  лекин ватанни тарк этганлар” деб ёзилган бир кесатиқли шарҳ менинг эътиборимни тортди.  Шарҳ эгаси Ўзбекистонда яшашини даъво қилади.

Шарҳ ёзган бу одамни танимайман. Эҳтимол, барчамиз учун намуна бўла оладиган даражада ватанпарвар инсондир. Лекин у кишининг чет элдаги ватандошлар ҳақида билмай туриб бундай гапларни гапириши нотўғри эканини айтиб қўймоқчиман. Хорижда яшаётганларнинг ҳаммаси ҳам ватанини ташлаб кетганлар эмас,  балки имкониятдан фойдаланиб ўқиётган,  ишлаётган,  малака ошираётган ва Ўзбекистонга турли йўллар билан ўз ёрдамини кўрсатишда давом этаётганлар ҳам кўп.  Улар юртимиз ривожланишига,  эришаётган ютуқларига бефарқ эмас.

Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки,  алғов-далғов замонда юртимизда ёмон ниятли бегоналар байроғининг ҳилпирашига асло ўрин йўқ.  Мусаффо осмонли,  тинч Ўзбекистонимизга фақатгина узоқдан қараганимизда чиройли ранглари ила ялт этиб кўзга ташланадиган ўзимизнинг миллий байроғимиз ярашгай.  Байроқни,  миллатни,  мустақилликни севинг,  азизлар!  Ўзбекистонликман дея қаддингизни кўтариб,  миллий байроғимизни кўтаришдан уялманг.

Истиқлолимиз абадий бўлсин!  Яна бир бор байрамингиз муборак бўлсин!

Дилшод ЗОКИРОВ