Йирик тўғонлар қурилишига сарфланган харажат ўзини оқламайди

Йирик гидроиншоотлар қурилишининг аҳоли ҳаётига таъсири масалалари бўйича етакчи мутахассис Таер Скуддер йирик тўғонлар барпо этилиши нечоғли мақсадга мувофиқ эканлиги ҳақидаги фикрини ўзгартирди.

Йирик тўғонлар қурилиши лойиҳалари бўйича доимий маслаҳатчи бўлган Скуддер ўзининг 58 йилдан кўпроқ фаолияти давомида тўғонларни тегишли равишда барпо этиш ва бошқариш аҳолининг қашшоқлик даражасини, бундай иншоотлар етказадиган ижтимоий ва экологик зарарни камайтиради, деб ишонар эди. Бироқ 84 ёшни қаршилаган мутахассиснинг яқинда матбуотда ёзишича, йирик тўғонлар нафақат сарфланган харажатларни оқламайди, балки айни пайтда барпо этилаётган кўплаб тўғонлар «ҳалокатли экологик ва ижтимоий-иқтисодий оқибатларга олиб келади».

Калифорния технология институтининг ижтимоий фанлар бўйича фахрий профессори Скуддер тўғонлар барпо этилиши билан боғлиқ қарашлари йиллар давомида ўзгариб боргани ҳақида ёзади. Тўғонлар қурилиши тарафдори бўлган олим 1956 йили ўзининг бу мавзудаги дастлабки тадқиқот ишини амалга оширган. Ўшанда у бугунги Замбия ва Зимбабве давлатлари ҳудудидаги Гвамбе водийсидан 57 минг кишини мажбурий кўчириш оқибатларини ўрганган. Ўша пайтларда Жаҳон банки фаолияти тарихида энг катта миқдордаги кредит ҳисобидан молиялаштирилган Кариба тўғони қурилиши оқибатида Тонго аҳолисини Замбези дарёси оқими бўйлаб жойлашган унумсиз ерларга кўчиришга тўғри келган эди.

Шундан буён Скуддер ушбу одамлар ҳаётини кузатиб келади. Илгари аҳил ва мустақил ҳаёт кечирган Тонго аҳолиси кўчирилганидан сўнг очарчилик, ичкиликбозлик ва ишсизлик муаммосига дуч келди. Чорасиз қолган айрим кишилар эса кун кечириш мақсадида ноқонуний наркотиклар етиштириш ва унинг контрабандаси, браконьерлик, фоҳишабозлик билан шуғулланишга мажбур бўлмоқда. Бундан ташқари, ушбу ҳудуд аҳолиси электр энергияси етишмаслигидан ҳам азият чекмоқда.

Яқинда Лаосда «Нам Теун — 2» тўғони лойиҳасида ҳам маслаҳатчи сифатида иштирок этган Скуддер тўғонлар қурилишидан фойда келишига бўлган ишончини мутлақо йўқотди. Скуддер ва унинг икки маслаҳатчиси тўғон лойиҳасини қурилиш ҳомийларига кўчириладиган одамларга тўғонни барпо этишдан аввал яшаш учун яхши шароит яратиб берилишини кафолатлайдиган чоралар ишлаб чиқиш талаби борлиги учун қўллаб-қувватлаган эди. Мазкур тўғон қурилиши 2010 йилда якунланган бўлса-да, юқоридаги талаблар бажарилмасдан қолиб кетди. Қолаверса, тўғонни тасарруф этувчи уч ташкилот бунинг учун жавобгарликни Лаос ҳукумати зиммасига юклашга интилмоқда.

Скуддер шу муносабат билан берган интервьюсида «Бу ҳали ҳаммаси эмас. Лаос ҳукумати кейинги 20 — 30 йил ичида яна 60 тўғон барпо этишни режалаштирмоқда. Бироқ айни пайтда мамлакат мазкур тўғонлар қурилиши бўйича экологик ва ижтимоий оқибатларни бартараф этишга қодир эмас», деб алоҳида қайд этади.

«Нам Теун-2» тўғони бундай йирик иншоотлар барпо этиш ўта мураккаб вазифа бўлиш билан бирга, бебаҳо табиий ресурсларга ўнглаб бўлмас даражада катта зарар етказиши тўғрисидаги анчадан буён ўйлаб юрган тахминларимни тасдиқлади», дейди у. Энди Скуддер тўғонлар қурилишининг олдини олишни ўзининг энг муҳим вазифаси деб билади. 1992 йили у дунёдаги энг сўнгги катта ветландлардан бири — Ботсвана давлатидаги Окаванго дельтасига зарар етказиши мумкин бўлган тўғон қурилишининг олдини олишга ёрдам берган тадқиқотга раҳбарлик қилган эди.

Оксфорд университети олимлари томонидан амалга оширилган ва март ойида «Energy Policy» журналида чоп этилган оламшумул тадқиқот Скуддерга ўзининг бу борадаги фикри кескин ўзгарганини жамоатчиликка етказишга туртки берган сабаблардан биридир. Атиф Ансар, Бент Флавберг, Александр Будзер ва Даниэл Ланн томонидан ўтказилган мазкур тадқиқотда 1934 — 2007 йилларда барпо этилган 245 йирик тўғон учун сарфланган харажатлар статистикаси ўрганиб чиқилган. Унда ҳамма вақт глобал ва салбий муаммо ҳисобланган ижтимоий ҳамда экологик оқибатлар инобатга олинмаган тақдирда ҳам «йирик тўғонлар қурилишига ҳаддан зиёд кўп маблағ сарфлаш кутилган даромад келтирмайди» деган хулосага келинган.

Тадқиқот муаллифларининг фикрича, тўғонлар қурилиши ташаббускорлари ҳаддан ортиқ ўзига ишонади, уларни барпо этиш тарафдорлари эса қуруқ ваъдаларга учиб алданиб қолмоқда ёки тоқат қилиб бўлмас даражадаги коррупцияга дуч келмоқда. Тадқиқот шуни кўрсатдики, тўғонлар қурилишига сарфланган харажатлар қиймати уларнинг смета қийматидан ўртача икки марта, инфратузилма, жумладан, йўллар, кўприк ва туннеллар барпо этишга нисбатан бир неча баробар ортиб кетган. Тўғонлар қурилишига ўртача 8,6 йил вақт керак бўлган ва бу режадаги прогноздан 44 фоиз кўпдир. Муаллифлар бу жуда узоқ муддат бўлиб, катта тўғонлар қурилиши «энергетика билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳал этишда кутилган самарани бермаётгани»ни қайд этган.
Тўғонлар қурилиши, одатда, ривожланаётган давлатлардан катта миқдорда молиявий ресурслар сарфлашни талаб қилади. Чунки қурилиш ташаббускорлари инфляция оқибатлари ва валютанинг қадрсизланишини эътиборга олмайди. Йирик тўғонлар қурилишини қўллаб-қувватлашга йўналтириладиган катта миқдордаги маблағлар ташаббускор давлатлар томонидан кредит шаклида ажратилади ва пировард натижада, бу маблағлар ўзгармас валютада қайтарилиши лозимлигини талаб қилади. Бироқ тўғонлар фаолиятидан тушадиган асосий даромад аҳолига электр энергиясини сотиш орқали маҳаллий валютада шакллантирилади. Маҳаллий валюта курси долларга нисбатан пасайганда эса ушбу кредитлар фоизи янада ошиб кетади.
Бу жараёнлар илгари эътиборга олинмаганининг асосий сабабларидан бири шундаки, тўғонларнинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги бўйича ўтказилган аввалги тадқиқотларда Жаҳон банки каби халқаро кредиторлар ажратган кредитини қайтариб ола биладими, деган фикрдан келиб чиққан. Аксарият ҳолларда эса улар бунга эришган.

Аммо иқтисодий самара олиш илинжида тўғон қуришни мақсад қилган ташаббускор мамлакатлар учун бу жуда оғир кечган. Йирик тўғонлар қурилиши лойиҳаси қиймати шу даражада улканки, 1980-йиллардан бошлаб уларни барпо этиш учун керагидан ортиқ маблағ сарфланиши Туркия, Бразилия, Мексика ва собиқ Югославия каби давлатларда қарз билан боғлиқ инқирознинг асосий таркибий қисмига айланган. «Аксарият мамлакатларнинг миллий иқтисодиёти шу даражада заифки, атиги битта мега-тўғон бўйича қарз мажбуриятлари мамлакат иқтисодиётига ўнглаб бўлмас даражада салбий таъсир кўрсатиши мумкин», дейди ушбу тадқиқотнинг етакчи иштирокчиси Флавберг.

Мазкур фикрни тасдиқлаш учун тадқиқотда айни пайтда Покистонда Ҳинд дарёсини тўсиш орқали қурилаётган йирик Даймер-Бхаша тўғони мисол қилиб келтирилган. Қурилиши 2021 йилда ниҳоясига етказилиши кўзда тутилган ушбу тўғоннинг лойиҳа қиймати 12,7 миллиард долларни (2008 йилги курсда) ташкил этади. Бироқ тадқиқот унинг қурилиши 2027 йилда ҳам якунланмаслиги, сарфланадиган харажат эса 35 миллиард долларга етишини (яна 2008 йилги курсда) ва бу ўша даврдаги Покистон ялпи ички маҳсулотининг тўртдан бир қисмига тенг бўлишини кўрсатди.

Тадқиқотда келтирилган мезонлар инобатга олинадиган бўлса, дунёда барпо этилиши режалаштирилаётган кўплаб мега-тўғонлар иқтисодий жиҳатдан ҳеч қандай самара бермайди. Бу, шубҳасиз, Конго дарёсини тўсиш учун мўлжалланган саккизта тўғондан иборат ва дастлабки икки лойиҳасини амалга ошириш учун катта миқдорда маблағ сарфланган йирик Инга комплексига, шунингдек, Амазонка тропик ўрмонлари ўрнида катталиги бўйича дунёда учинчи ўринни эгаллайдиган гидроэлектр станцияси — Бразилияда қурилиши режалаштирилаётган, қиймати 14 миллиард долларлик Белу Монте тўғони лойиҳасига ҳам тааллуқлидир.

Тадқиқот муаллифлари мега-тўғонларга ўхшаш йирик иншоотларни қуриш ўрнига шамол, қуёш энергияси ва мини-ГЭС каби «муқобил энергия манбалари»ни барпо этишни тавсия қилади. «Биз ҳали-ҳамон барча ишлар алоҳида лойиҳалар асосида қўлда бажарилган 1950-йилларда тўхтаб қолганмиз, — дейди тадқиқотчи Ансар. — Ифодали қилиб айтганда, бугун бизга стандартлаштириш, контейнерга жойлаб ташиш осон бўлган ихчам конструкциялар керак».

Шу ўринда тўғонлар қуриш бўйича ҳозирги халқаро тенденцияларга зид бундай тўғонлар Хитой, Бразилия ва Ҳиндистон компаниялари томонидан ҳали ҳам кўплаб барпо этилаётгани, Жаҳон банки эса бир йил аввал мега-тўғонларни молиялаштиришга доир умрини ўтаб бўлган эски стратегия яна қайта тикланиши мумкинлигини билдиргани кишини ҳайрон қолдиради. Ушбу йирик лойиҳалар ташқи томондангина жозибали бўлиб туюлади, холос. «Тўғонлар — кутилган натижага камдан-кам ҳолларда эришишга ёрдам берадиган нотўғри ёндашув, саноат даврининг асоратлари» эканини англаб етишнинг вақти келмоқда.

Жак Лесли яқинда ўтказилган «Чуқур жойлашган сув: тўғонлар қурилиши билан боғлиқ давомли кураш, кўчириш дастурига киритилган одамлар ва атроф-муҳит муҳофазаси» тадқиқотининг муаллифидир.

Жак Лесли, “The New York Times”, 2014 йил, 22 август