Ислом Каримов Владимир Путинга мунтазам учрашиб туришни таклиф қилди

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ШҲТ саммити доирасида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан учрашди. Бу ҳақда Россия Президенти матбуот хизмати хабар тарқатди.

Россия раҳбари икки давлат турли даражада ва икки тарафлама мулоқотларда, шунингдек, МДҲ, ШҲТ, БМТ доирасида фаол ҳамкорлик қилиб келаётганини қайд этди. Икки давлат раҳбарлари фаол учрашиб келаётганини таъкидлади.

“Биз шундан мамнунмизки, сўнгги йилларда шакллантирилган бутун бир механизм иқтисодиёт, сиёсат, гуманитар ҳамкорлик соҳаларида ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади”, — деди Владимир Путин.

Ислом Каримов жорий йил турли воқеаларга бой бўлгани ҳамда икки давлат раҳбарларининг олдиндан режалаштирилган учрашувлари ортга сурилганини маълум қилди. Ўзбекистон раҳбари жуда кўп саволлар тўпланиб қолгани учун ҳам бундай учрашувлар аҳамиятли эканлигини қайд этиб ўтди.

Ислом Каримов Россия Ўзбекистоннинг стратегик шериги эканлигини қайд этиб, бу имкон қадар мунтазам маслаҳатлашиб туриш, саволларга жавоб олиш, вазиятни чуқур тушунишда намоён бўлишини айтиб ўтди.

Ўзбекистон раҳбари икки давлат бошлиқлари учрашувлари мунтазам бўлиб туриши кераклигини қайд этиб, қандайдир масалалар бўлса, уларни ўзаро муҳокама қилиш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

ЎзАнинг хабар беришича, бугунги кунда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро манфаатдорлик хусусиятига эга. Савдо-иқтисодий алоқалар изчил ривожланмоқда. 2013 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 7,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этгани бунинг тасдиғидир. Икки юздан ортиқ давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро битим ва шартномалар ҳамкорликнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Ислом Каримов ва Владимир Путин мамлакатларимиз ўртасидаги мулоқотларнинг мунтазамлиги муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этдилар.