Марказий сайлов комиссияси: “Сайлов жараёнида сиёсий рақобатнинг маданий шаклларидан фойдаланилади”

    Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломовнинг айтишича, сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайлов қонунчилиги принциплари ва талабларини ҳисобга олган ҳолда сайлов жараёнида сиёсий рақобатнинг маданий шаклларидан фойдаланишларига кўмаклашишга катта аҳамият берилади.

    Бунда сайлов кампанияси барча иштирокчиларининг амалдаги қонунчилик талабларига сўзсиз ва аниқ риоя этиши муҳим талаб ҳисобланади.

    “Ҳеч ким, сайлов жараёнига аралашиши мумкин эмас. Авваламбор, марказдаги ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари сайлов кампанияси жараёнига аралашиш, қонунчилик талабларини четлаб ўтиш, бузиш мақсадида қилинган ҳар қандай уринишлар, аниқланган ҳомийлик ҳолатларига нисбатан қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилади ва айбдорлар жазоланади”, — деди Марказий сайлов комиссияси раиси ЎзА мухбири саволларига берган жавобида.

    Унинг қайд этишича, сайлов кампанияси иштирокчиларининг бирортасига бирон-бир имтиёз ва устунлик берилиши истисно қилинади. Сайлов қонунчилигининг меъёрлари, талаблари, қонунда ва ушбу дастурда белгиланган сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби ҳамма учун мажбурий ва бир хил ҳисобланади.

    Ўзбекистон парламентига сайловлар шу йилнинг 21 декабрь куни бўлиб ўтади. Сайловда энг кўп депутатлик ўрнини олган сиёсий партия ҳукумат раҳбари номзодини илгари суриш ҳуқуқига эга.

    Сайлов кампанияси шу йилнинг 15 сентябридан бошланиб, ҳозирда сиёсий партиялар сайловларда иштирок этиш учун имзо тўплашмоқда.