ОАВ: TeliaSonera Ucell’ни сотиш бўйича музокара олиб бормоқда

Швеция — Финляндиянинг TeliaSonera компанияси ўзининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси — Coscom МЧЖ ҚКдаги улушини сотмоқчи. “РИА Новости”нинг хабар беришича, бунга олинаётган даромадларни конвертация қилиш билан боғлиқ муаммолар борлиги сабаб бўлмоқда.

TeliaSonera компанияси гуруҳи вице-президенти Эрик Халберг яқинда Тошкент сафари доирасида олиб борган музокаралари чоғида конвертация масаласини ҳал қилиш талабини илгари сурган. У агар конвертация масаласи ҳал бўлмаса, компания Ўзбекистон алоқа бозорини тарк этишини маълум қилган. Хабарларда айтилишича, конвертация масаласида рад жавоби берилган.

“РИА Новости” мухбирининг аниқлик киритишича, Coscom акцияларини сотиш масаласи кўтарилган бўлиши мумкин. Аммо унинг натижалари ошкор қилинмаяпти.

Coscom 2007 йилда TeliaSonera таркибига қўшилган бўлиб, у компаниянинг 94 фоиз акциясига эгалик қилади. Ўзбекистонлик миноритар акциядорлар эса 6 фоиз акцияларга эгалик қилишади.

Ucell’нинг абонент базааси 2014 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, 8,463 миллион фойдаланувчини ташкил қилади.