Владимир Путин: “Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлиги Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлашнинг муҳим омилидир”

Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовни Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик куни билан чин юракдан табриклаган. Шу муносабат билан махсус телеграмма юборилган.

Путин ўз табригида Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишдаги муваффақиятларини ҳамда мамлакатнинг жаҳон майдонидаги фаол ролини эътироф этган.

Владимир Путин икки давлат ўртасида ўрнатилган стратегик шериклик ва иттифоқлик муносабатлари Марказий Осиёда барқарорлик, хавфсизлик ва фаровонликни таъминлашнинг муҳим омили эканлигини қайд этган.

“Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан биз бундан кейин ҳам турли соҳаларда икки томонлама амалий мулоқот олиб борамиз, минтақавий ва халқаро миқёсда кун тартибида турган долзарб масалаларни ҳал қилишда ҳамкорликни кенгайтирамиз. Бу Россия ва Ўзбекистон халқларининг дўстона манфаатларига тўлақонли жавоб беради”, дея ишонч билдирган В. Путин.

Россия раҳбари Ислом Каримовга соғлиқ ва муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига эса бахт ва фаровонлик тилаган.