Ислом Каримов: “Орол денгизини тўлиқ қайта тиклаш имкони йўқлиги тобора аён бўлиб бормоқда”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” халқаро конференцияси иштирокчиларига мурожаат қилди.

Ислом Каримовнинг қайд этишича, Оролбўйида рўй бераётган фожиа кўламини, бу ерда яшаётган миллионлаб одамларнинг дарди ва орзу-армонларини қуруқ рақамлар билан ифода этиб бўлмайди. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистоннинг Орол фожиасининг кучли таъсири остида қолган минтақалари аҳолиси ҳар куни сув ресурслари етишмаслиги, ичимлик суви сифатининг пасайиши ва тупроқ таркибининг бузилиши, иқлим ўзгариши, аҳоли, биринчи навбатда, болаларнинг турли касалликларга чалиниши кўпайиб бораётгани билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий ва демографик муаммоларни бошдан кечирмоқда.

Орол денгизининг қуриши бутун Марказий Осиёда кескин иқлим ўзгаришига олиб келди, сув ресурслари тақчиллиги, мавсумий қурғоқчиликнинг кучайиши, қаҳратон қишнинг узоқ давом этиши, Помир ва Тянь-Шань тоғлари музликлари эришининг тезлашиши ва минтақа мамлакатларида қишлоқ хўжалиги ишлари билан шуғулланиш шароитларининг ёмонлашишига сабаб бўлди.

Минг афсуски, бугунги кунда Орол денгизини тўлиқ қайта тиклаш имкони йўқлиги тобора аён бўлиб бормоқда.

Президентга кўра, Орол инқирозининг атроф-муҳит ва бу ерда яшаётган миллионлаб аҳоли ҳаётига ҳалокатли таъсирини, хусусан, пухта ўйланган, аниқ манзилли ва тегишли молиялаштириш манбалари билан таъминланган лойиҳаларни амалга ошириш орқали камайтириш бугунги куннинг энг муҳим вазифасидир.

Бизнингча, бу борада асосий захиралар мавжуд бўлган қуйидаги йўналишларда тегишли тадбирларни амалга ошириш зарур:

биринчидан – бугунги кунда Оролбўйида юзага келган омонат экологик мувозанатни мустаҳкамлаш, чўлланишга қарши курашиш, сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, улардан тежаб-тергаб, оқилона фойдаланиш;

иккинчидан – Оролбўйи аҳолисининг генофонди ва саломатлигини сақлаш ва таъминлаш учун шароит яратиш, ижтимоий инфратузилмани, тиббиёт ва таълим муассасалари тармоғини кенг ривожлантириш;

учинчидан – аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун зарур ижтимоий ва иқтисодий механизмлар ва рағбатлантирувчи омилларни яратиш, асосий инфратузилма ва коммуникацияларни ривожлантириш. Бу ерда яшаётган аҳолида тушкунлик кайфиятининг юзага келишига йўл қўйишга бизнинг ҳаққимиз йўқ ва уларга муносиб ҳаёт кечириши, ўз бизнесини ривожлантириши, уларни янги иш ўринлари ва даромад манбалари билан таъминлаш учун барча имкониятларни яратиб бериш зарур;

тўртинчидан – ҳайвонот ва ўсимлик олами биохилма-хиллигини, жумладан, кичик сув ҳавзалари яратиш орқали сақлаш ва қайта тиклаш, минтақанинг ноёб флора ва фаунасини асраб-авайлаш даркор.