Airbus Group Ўзбекистонга вертолёт етказиб бериш бўйича шартномани бажара олмади

Германия ҳукумати Airbus Group компаниясининг Ўзбекистонга бешта ҳарбий вертолёт етказиб беришга доир битимини тўхтатиб қўйди. Бу ҳақда “РИА Новости” ахборот агентлиги ўз манбасига таяниб хабар тарқатди.

Airbus Group компанияси 2014 йил охирига қадар Ўзбекистон қуролли кучларига 5 та EC645 T2 русумидаги кўпмўлжалли ҳарбий вертолёт етказиб беришни режалаштирган. Хабарда айтилишича, Германия ҳукумати вертолётни йиғиш учун керак бўладиган эҳтиёт қисмлар экспортини тўхтатиб қўйган. Шунинг учун ҳам лойиҳани амалга ошириш имкони бўлмаган.

Хабарда Германия ҳукуматининг ушбу қарори сабаблари келтирилмаган.

Ўзбекистон интернет нашрларининг ёзишича, Airbus компаниясининг вертолёт ишлаб чиқарувчи Франция бўлими Ўзбекистонга Cougar русумидаги 6 та транспорт вертолётини, 10 та Fennec енгил вертолётларини етказиб бера олмаган. Airbus Group бош директори Том Эндерснинг айтишича, ушбу вертолётлар учун эҳтиёт қисмларнинг бир қисми Германияда ишлаб чиқарилади. Мамлакат ҳукумати ушбу эҳтиёт қисмларнинг экспортини маъқулламаган. Натижада ушбу вертолёт русумлари бўйича буюртмалар бажарилмасдан қолган. Хабарларда қайд этилишича, шартноманинг умумий қиймати 180 миллион долларга тенг бўлган.

Сиёсий экспертларнинг фикрича, ушбу шартнома ижроси тўхтаб қолиши ҳеч қандай сиёсий мазмунга эга эмас. Яъни битимнинг тўхталиши Ўзбекистонга бўлган муносабатни англатмайди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 14-15 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Германияда сиёсий музокаралар олиб борди.