Ўзбекистон парламенти 2015 йилги давлат бюджетини қабул қилди

Ўзбекистон парламенти 2015 йилги давлат бюджетни қабул қилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабар тарқатди. Унга кўра, келгуси йилги ялпи ички маҳсулотнинг 8 фоизга, саноат ишлаб чиқариш маҳсулотининг 8,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг 6 фоизга, капитал қўйилмалар ҳажмининг 9,6 фоизга ўсиши назарда тутилмоқда.

Хабарда айтилишича, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари учун ягона солиқ тўлови ставкаси 25 фоиздан 15 фоизга пасайтирилади. Натижада солиқ юки 481,8 миллиард сўм миқдорида камаяди.

Хўжалик субъектларининг фойда солиғи базавий ставкаси 8 фоиздан 7,5 фоизга, шунингдек, қурилиш соҳасида микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 6 фоиздан 5 фоизга камайтирилаётир.

2015 йилги Давлат бюджетининг ижтимоий харажатлари ЯИМга нисбатан 12,8 фоизни, таълимга ажратилган харажатлар 7,3 фоизни, соғлиқни сақлашга ажратилган харажатлар 3,1 фоизни, кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловлари 1,3 фоизни ташкил этади. Давлат бюджетининг ижтимоий таъминотга ажратилган харажатлари жорий йилга нисбатан 1,2 баравардан зиёд ошади.

Айрим экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети 2015 йил учун тахминан 37-38 триллион сўм (16-17 миллиард доллар)ни ташкил қилади. Жаҳон банки рейтингига кўра, Ўзбекистон истеъмол қуввати паритетини ҳисобга олган ҳолда 156,256 миллиард долларлик ялпи ички маҳсулотига эга.

Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ҳукумат томонидан ишлаб чиқилади, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Молия вазирлиги маълумотларига кўра, давлат бюджети даромадлари 14,717 триллион сўмни ташкил қилди. Бу АҚШ долларининг Марказий банк курси бўйича ҳисоблаганда 6,29 миллиард долларни ташкил қилади. Давлат бюджети харажатлари эса 14,683 триллион сўмни ёки 6,27 миллиард долларни ташкил қилди.

Ўзбекистоннинг 2014 йилги давлат бюджети даромадлари 1,3 триллион сўм миқдорида дефицит прогнози билан қабул қилинган бўлиб, у ЯИМга нисбатан 1 фоизни ташкил қилиши керак. Давлат бюджетининг даромад қисми 30,2 триллион сўм ёки 12,9 миллиард долларни (ЯИМга нисбатан 23,2 фоиз), харажатлари эса 31,5 триллион сўм ёки 13,5 миллиард долларни (ЯИМга нисбатан24,2 фоиз) ташкил қилиши мўлжалланган.