Ўзбекистон пахта толасини сотиш бўйича 1 миллиард долларлик битим имзолади

Тошкент шаҳрида 13-14 октябрь кунлари бўлиб ўтган ярмаркада 580 минг тонна Ўзбекистон пахта толасини сотиб олиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича эса бир миллиард АҚШ долларидан зиёд миқдордаги шартномалар имзоланди.

Бу ҳақда ЎзА хабар тарқатди. Пахта ярмаркасида қарийб 50 мамлакатдан мингдан ортиқ ишбилармон доира вакиллари, экспертлар ва мутахассислар қатнашган.

Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси прогнозларига кўра, Ўзбекистон 2014/2015 йилларда пахта экспортини 2013/2014 йилдагига қараганда 15 фоизга камайтиради. Ўзбек пахтасининг 39 фоизи Бангладешга, 25 фоизи Хитойга, 7 фоизи Жанубий Кореяга экспорт қилинади.

“Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси маълумотларига кўра, 2014 — 2020 йилларда республика текстиль саноатини модернизация қилишга 1 миллиард доллар йўналтирилади. Янги қабул қилинган дастурга биноан, 2020 йилга бориб мамлакат пахта толасини қайта ишлаш 44 фоиздан 70 фоизга чиқарилади. Натижада текстиль маҳсулотлари экспорти 800 миллион доллардан 1,5 миллиард долларга етказилади.

Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон ҳар йили 3,5 миллион тонна атрофида пахта хомашёси, 1-1,2 миллион тонна пахта толаси етиштиради.