Сардорларнинг инглиз тилидаги суҳбати

Ўзбекистон инглиз тили ўқитувчилари уюшмаси (UzTEA)нинг «Ёш етакчиларни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси» (YLDP) ахборот-ресурс марказида “Сардорлар суҳбати” ўқув клубининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Kun.Uz’нинг хабар беришича, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида жойлашган UzTEA кутубхонасининг анжуманлар залида бўлиб ўтадиган тадбирда ушюма аъзолари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда фаол ёшлар иштирок этди.

Лойиҳа координатори Замира Акрамованинг айтишича, маросимни ўтказишдан кўзланган мақсад лойиҳа фаоллари ва интилувчан ёшлар иштирокида янги ўқув йилида амалга ошириладиган ишлар ҳақида ахборот бериш, инглиз тилидаги сўзлашиш кўникмаларини ривожлантиришга ва дунёқарашни кенгайтиришга хизмат қиладиган янги тўгаракнинг тақдимотини ўтказишдан иборат.

Тадбир доирасида АҚШ элчихонаси YLDP лойиҳаси учун ажратган ўқув адабиётлари ва бадиий асарлар жамланмаси кўринишидаги хайрия грантини тақдим этди. Сўнг ёшларни янги ташаббуслар қилишга, ўзларининг етакчилик қобилиятларини намойиш этиш ва шу орқали жамиятга манфаат келтиришга ундаши кўзда тутилган тақдимотлар бўлиб ўтди.

YLDP нинг ёш нотиқлари томонидан ўтказиладиган интерфаол тақдимотлар Ўзбекистон ҳамда жаҳон сардорлари ҳаёти ва фаолиятига бағишланди. Тадбир ташкилотчилари томонидан қатнашчилар учун ақлий машғулотлар, викториналар ташкил этилиб, ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон инглиз тили ўқитувчилари уюшмаси қошидаги ушбу лойиҳа 2014 йилнинг февраль ойида ташкил этилган эди. Шу кунга қадар лойиҳа томонидан 150 дан ортиқ иштирокчини жамлаган иншолар танлови, инглиз тилида иш ҳужжатларини юритиш ва ёзма нутқни шакллантиришга қаратилган “Ёзма нутқ ҳафталиги”, ўнлаб тўгараклар йиғилишлари ўтказилди.