Ўзбекистон Россияга газ экспортини камайтиришни аллақачон бошлаган

Ўзбекистон Россияга табиий газ етказиб беришни камайтириб боради. Бунда Хитойга газ экспорти ҳажми оширилади. “РИА Новости” ахборот агентлигининг Ўзбекистон ҳукуматидаги манбасига таяниб маълум қилишича, 2021 йилга бориб Ўзбекистоннинг асосий газ экспорт йўналиши Хитой бўлади.

Хабарда айтилишича, 2015 йилда Чин мамлакатига 10 миллиард куб метр газ экспорт қилинади. Маълумот учун айтиш керакки, 2013 йилда бу кўрсаткич 6 миллиард куб метрни ташкил қилган эди.

Ҳукумат вакилининг сўзларига кўра, бугунги бозор ҳақиқатлари, қолаверса, Россияда талабнинг сусайишини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон икки йил аввал газ экспортини диверсификация қилиш чораларини кўрган эди. Унинг ҳисоб-китоб қилишича, сўнгги 5-6 йил учун Ўзбекистоннинг газ экспорт салоҳияти 15-16 миллиард куб метрдан ошмайди. Шунинг учун асосий газ импорт қилувчи мамлакатнинг ўзгариши жуда катта таъсир кўрсатмайди.

Ўзбекистон 2013 йилда 13 миллиард куб метр газ экспорт қилган. Шуни айтиш керакки, мамлакатда йилига 63-65 миллиард куб метр газ қазиб олинади. Унинг тахминан 50 миллиард куб метри ички истеъмолга йўналтирилади.

“Газпром”га эса 2013 йилда 7,5 миллиард куб метр, 2012 йилда эса 8,7 миллиард куб метр газ етказиб берилган.

Эслатиб ўтамиз, “Газпром” компанияси яқин вақтлар ичида Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Туркманистон ва Ўзбекистондан табиий газ харид қилишни тўлиқ тўхтатиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқаган эди.