Жорж Крол: “Андижон полькаси” қалбимдан чуқур жой олган”

Бу элчи Ўзбекистонда тез шуҳрат қозонди. Асосий сабаби эса, унинг ўзбек тилидаги нутқи жуда тушунарли, талаффузи эса ёқимли. Элчихонанинг турли тадбирларида Жаноб Кролнинг ўзбек тилидаги нутқи олқишларсиз ўтмайди. ТВ журналистлари ҳам интервью олишда элчилар орасидан типик америкаликка хос шу қиёфани излайди…

Шунча пайт элчи жаноблари билан турли тадбирларда юзма-юз кўп учрашган бўлсак-да, юзма-юз интервью қилиш имкони энди келди.

Элчихонанинг меҳмонларни қабул қилиш хонасида мезбонни кутяпмиз. Белгиланган вақтда Жорж Крол табассум билан хонага кириб келди: “Кўриб турибсиз, мен ҳали шу ердаман!”.

Бу ҳазилни тушундик. Ахир, сўнгги пайтда хорижий ОАВларида Ўзбекистонга янги элчи тайинланиши ҳақида турли мақолалар чоп этиляпти.

— Ассалому алейкум — дея саломлашди у. Биз эса вақт тиғизлигини инобатга олиб, тезроқ саволларга ўтдик.

— Яқинда ТВда бир ҳужжатли фильм намойиш этилди. Путин ва Бушнинг ОАВ олдидаги чиқиши. Бир америкалик журналист Бушга савол берди: “(Путинга ишора қилиб) Бу инсонга Америка ишониши мумкинми?”. Буш жавоб берди: “Ҳа, ишониши мумкин. Унинг кўзларига қараб, бунга амин бўлдим”. Сиз инсонларга қандай ишонасиз?

— Авваламбор, инсоннинг айтаётган сўзи қилаётган ишига монанд бўлиши керак. Кўп гапиришни билиш – кўп ишни уддалаш деганимас. Фақат сўз билан эмас, инсон амалига ҳам кўп нарса боғлиқ. Шунинг учун бу ҳолатни кузатиш керак. Сўз ва амал мутаносиблигига эътибор қаратаман. Нега шундай дейилди ва шунга яраша қандай иш бажарилди?! Бу энг муҳими! Дипломат бўлганим учунми, айтилган сўз ўз вақтида бажарилиши мен учун жуда катта аҳамият касб этади.

— Ўзбекистондан Ватанингизга қайтаётганда нимани албатта олиб кетасиз?

— Бир олам меҳрни! Ўзбек халқи, бу юрт одамларининг меҳмондўстлиги, инсонийлиги бўлакча. Бу ҳақда ҳар бир нутқимда такрор-такрор айтганман. Ўзбекистон – менинг ҳам уйимдир. Бу уй бир умр юрагимда қолади.

— Эрта бир кун Ўзбекистонни тарк этасиз…Қандай юрак билан?

— Ўзбекистонда ўтаётган ҳар бир куним эсда қоларли воқеаларга бой. Юқорида айтганимдек, бу юрт менинг ҳам уйимга айланишга улгурди. Ўзбек халқи меҳмондўстликни севади. Хорижликларга бўлган илиқ муносабати ҳақида узоқ гапириш мумкин. Туғилиб ўсган Ватаним узоқда, бироқ, қалбим Ўзбекистон билан ҳамиша қолади. Дипломат сифатида дунёнинг қаерида бўлмай, бу бетакрор мамлакатни соғинаман.

— Дениэл Перл дунё мусиқаси кунлари анъанавий тарзда ўтказиб келинади. Марҳум машҳур журналист ва мусиқачи Перлни хотирлаш асносида инсонийлик хислати улуғланади. Сиз ҳар гал октябрда кенг нишонланадиган Перл мусиқаси кунларида нималарни ҳис этасиз?

— Кўплаб ўзбек санъаткорлари шунча йиллардан бери бу лойиҳани қўллаб-қувватлаб келади. Ҳар йили элчихона ҳудудида ўтказилажак бу мусиқий кечада қайси ўзбек санъаткори иштирок этишини эса кўплаб ходимлар билан биргаликда ҳал қиламиз. Мусиқа орқали инсонийликни теран англаш, қалбларни қалбларга илҳақ боғлаш бу тадбирнинг бош моҳиятидир. Журналистика энг машаққатли касблардан бири. Адолат ва жасурлик бу касбнинг асосий мезони. Перл мана шу мезонга содиқ инсонлардан эди (элчининг бехосдан кўзи ёшланди). У 9/11 воқеалари сабаб ўғирлаб кетилиб, Покистонда қатл этилган. У ўз ҳаётини қурбон қилган ватванпарвардир. Журналист Ўзбекистондами, АҚШдами, Покистондами, қаерда ижод қилишидан қатъи назар, ҳар бирини ҳурмат қиламан. Журналист меҳнати ҳамма учун, дунё учун жуда зарур. Шунинг учун ҳам юракдан ҳар бирингизнинг меҳнатингизга юксак эҳтиромдаман.

— Оддий тингловчи сифатида қандай мусиқани тинглайсиз?

— Болалигимдан америка миллий мусиқалари билан улғайдим. Касбим юзасидан турли юртларда ишлаш асносида турфа мусиқаларни тинглашимга тўғри келди. Шунданми, жанр танламайман. Мен яхши мусиқани севиб тинглайман. “Андижон полькаси” эса хотирамда ва қалбимда чуқур из қолдирган миллий мусиқа. Бу мусиқа янграши билан рафиқам ҳам айтиб қолади: “Қаранг, сизнинг мусиқангиз янграяпти!”. Энг қизиғи, бу кўнгилкўтарувчи ажойиб мусиқани тинглаш баробарида, маза қилиб рақсга ҳам тушаман.

— Хабарингиз бўлса, сўнгги пайтда русийзабон нашрлар Сизнинг Ўзбекистондаги элчилик лавозимингиз тугаётгани ва ўрнингизга бошқа элчи тайинланаётгани ҳақида бот-бот ёзмоқда. Шу ҳақда нималар дейсиз?

— Ўзбекистондаги АҚШ элчихонасига Памела Спратлен номзоди кўрсатилган. Хоним Спратлен 2011 йилдан бери Қирғизистондаги АҚШ элчихонасида фаолият юритиб келмоқда. Унга қадар у Гватемала, Россия ва Қозоғистонда ишлаган. Инглиз, француз, рус ва испан тилларини яхши билади. Ўйлайманки, Памела Спратлен Ўзбекистонда ҳам яхши фаолият кўрсатади. Мен эса Қозоғистондаги АҚШ элчихонасида ўз вазифамни давом эттираман.

— Ўзбекистон сиз учун…

— Ипак, виқорли тоғлар, сўлим табиат, дунёда мазасининг қиёси йўқ ош ва албатта “Андижон полкаси”…(хандон отиб кулади).

— Самимий суҳбатингиз учун ташаккур.

(Элчи ўзбек тилида тилак билдирди)

— Бахт-саодат, сиҳат-саломатлик, тинчлик-фаравонлик ва ишларингизда катта омад тилайман! Чин қалбимдан!
Элчи билан хайрлашар эканмиз, у ҳақдаги позитив фикрлар турнақатордек тизилди. Яхши инсон бўлиш учун миллат, дин, ирқ, ижтимоий келиб чиқиш каби тушунчалар аҳамиятли эмас. Яхши инсонда юрак, завол кўрмаган, негативдан асралган соф инсоний туйғулар бўлади. Бу эса инсонни танишнинг энг осон йўли. Тил орқали вазиятлар тушунилади, суҳбат қурилади. Юраги бор инсон билан диллашилади, қалбан англашилади. Бу диллашув карьерамда ўчмас тарих бўлиб қолишига ишонаман…

Жорж Крол касби туфайли жўғрофан қаерда бўлмасин, элчи сифатида қайси мамлакатда фаолият юритмасин, “юраги бор” инсон сифатида уни таниган ва билган юртдошларимиз, журналистлар орасида ҳурмат билан эсланажак, тилга олинажак…
Ўзбек тилини яхши билган, ўзбек мусиқасини севган яхши бир америкалик! Ҳа, айнан шундай!

Жасур ҲАМРОЕВ
Shov-Shuv.uz сайтидан олинди.