Ислом Каримов Туркманистонга ташриф буюради

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 2014 йил 23-24 октябрь кунлари расмий ташриф билан Туркманистонда бўлади. Бу ҳақда ЎзА хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, мунтазамлик касб этган олий даражадаги Ўзбекистон – Туркманистон мулоқоти доирасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга доир масалаларни, минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга долзарб муаммоларни муҳокама этиш режалаштирилган.

Ташриф якунлари бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти ва турли соҳалар бўйича ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга оид қатор ҳужжатлар имзоланади.

Охирги марта Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2012 йил октябрь ойида Туркманистонга расмий ташриф буюрган эди. Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов эса 2013 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган эди.

Маълумотларга кўра, икки мамлакат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми муттасил ўсиб бораётир. Бу борадаги кўрсаткич 2013 йилда қарийб 355 миллион АҚШ долларини, жорий йилнинг биринчи ярмида 145 миллион долларни ташкил этди.