Ислом Каримов туризмни ривожлантиришда виза масаласини соддалаштириш кераклигини таъкидлади

Ислом Каримов халқаро туризмни ривожлантиришда виза масаласини ва туризм билан боғлиқ бошқа бюрократик расмиятчиликларни соддалаштириш зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзича, сайёҳлик фирмалари фаолияти учун зарур молиявий кафолатлар бериш ҳозирги босқичда халқаро туризмни жадал ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.

“Бундай кафолатларнинг йўқлиги кўплаб сайёҳлик операторларининг обрўсига путур етказаётгани, халқаро туризмни ривожлантириш ва унинг жозибадорлиги йўлида жиддий ғов бўлаётганини биз баъзи мамлакатлар мисолида кўриб турибмиз”, — деди Ислом Каримов.

Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, сайёҳлар бошқа омиллар қаторида ўзлари истаган мамлакатга бориш учун тартиб-қоидаларнинг оддий ва қулай бўлишига, бу борадаги барча зарур расмийлаштирув ишларини тез ва арзон нархда амалга ошириш имкониятига ҳам эътибор қаратмоқда.

Ислом Каримовнинг қайд этишича, бу йўналишда электрон технологияларни жорий этиш, виза олиш муддатининг имкон қадар қисқа бўлиши, авиа ва темир йўл чипталарини харид қилиш, интернет орқали «онлайн» режимида сайёҳлик йўналишлари ва меҳмонхоналарни олдиндан банд қилиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

“Сайёҳнинг кайфияти туристларни қабул қиладиган ҳар қандай мамлакатнинг, айтиш мумкинки, асосий бренди, яъни, товар белгиси бўлиши керак. Агар одамлар бизнинг диёримизга яхши кайфият билан келиб, шундай кайфият билан кетадиган бўлса, Ўзбекистонда туризм соҳаси мустаҳкам асосга қўйилган, деб айтишга ҳақлимиз. Бордию кимдир ёмон кайфият билан кетадиган бўлса, демак, биз унинг олдида қарздормиз. Демак, кейинги сафар айни шу сайёҳни ўзимизнинг ҳисобимиздан юртимизга таклиф қилишимиз керак”, — деди Ислом Каримов.