Кулгининг чегараси қаерда ёхуд “Миллион”нинг лицензияси нега тўхтатилди?

“Ўзбекнаво”: Қизиқчиликнинг ўзига яраша талаблари бор

Ўзбекистонда “Миллион” қизиқчилар гуруҳи концерти кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Гап шундаки, “Миллион” жамоасининг 2014 йилги концерти баҳорда бўлиб ўтган, дисклари эса ёзда кенг омма учун сотувга чиқарилганидан сўнг ижтимоий тармоқларнинг ўзбек тилидаги сегментида ва марказий нашрларда жиддий танқид остига олинган эди. Сентябрь ойида эса “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси “Миллион” ҚВЗ жамоасининг лицензиясини вақтинча тўхтатиб қўйди.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бўлим бошлиғи Одилжон Абдуқаҳҳоровнинг айтишича, “Миллион” жамоасининг лицензияси ҳақиқатан ҳам тугатилган. “Жамоа аъзоларига бунинг сабаблари тушунтирилди. Бу чора жамоа йўл қўйган хато ва камчиликларни бартараф этишлари учун қўлланилди. Концерт дастури давомида сценарийдан четга чиқиш ҳолатлари бўлган, қолаверса, лицензия айнан мана шу камчилик учунгина тугатилгани йўқ. Бошқа санъат турлари каби қизиқчиликнинг ҳам ўзига яраша талаблари бор ва истайсизми-йўқми, уларга амал қилиш керак. Ўйлайманки, жамоа бундан тўғри хулоса чиқаради. Кейинчалик ижобий ўзгаришлар рўй берса, лицензия олиб, яна фаолиятларини давом эттиришлари мумкин”, дейди у Darakchi.uz сайтига берган интервьюсида.

Обид Асомов: “Кулгу — ўткинчи, тарбия — абадий”

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомов “Миллион” жамоасининг лицензиядан маҳрум этилганини қўллаб-қувватлади. “Уларни биринчи марта кўрганимда, очиғи, ҳайрон қолдим – қандай қилиб саҳнада бундай нарсалар ҳақида гапириш мумкин?! Улар одоб-ахлоқ чегарасидан чиқиб кетишди”, – деди Обид Асомов 12news.uz сайтига берган интервьюсида.

“Ўзбекнаво” тўғри қарор қабул қилган, деб ҳисоблайман. Кулгу ўтиб кетади, бироқ бу ерда тарбия масаласи турибди”, – деди таниқли сўз устаси.

“Менинг ёш болаларим бор. Улар ҳам шу концертни кўришяпти. Мен ҳам улар билан бирга кўрдим, улар томошани кўра туриб, кулишди. Мен улардан: “Болалар, нега куляпсизлар, ахир бу кулгули эмас-ку?”, деб сўрадим”, – деди Обид Асомов.

“Миллион”: “Тарбия уч соатлик дастур давомида бузилиши мумкинми?”

“Миллион” жамоаси етакчиси Даврон Кабуловнинг айтишича, сценарийнинг хомаки нусхаси ҳам, саҳнада кетадиган якуний кўриниши ҳам “Ўзбекнаво”дан ўтказилган. “Бусиз иложи йўқ. Фақат бир нарсани тушунмаяпмиз: концерт 5 ой аввал бўлиб ўтди, дисклар чиққанига ҳам бир-икки ой бўлди. Бирданига газеталар, сайтларда танқидий мақолалар, шов-шув…”, деди у Darakchi.uz сайтига берган интервьюсида.

Даврон Кабулов, шунингдек, ҳар қандай танқидни қабул қилишга тайёр эканлигини, чунки ҳали бир нарсани қойиллатиб қўймаганини тан олди. “Фақат келиб, биз билан танишиб, “Қани, сенлар нима қиляпсан ўзи? Мана бу саҳна кўриниши орқали нима демоқчисан” деб бир оғиз фикр сўрамасликлари алам қилади. “Ёшлар тарбиясига салбий таъсир ўтказади”, дейишибди. Йиллар мобайнида шаклланадиган тарбия қандай қилиб уч соатлик дастур давомида бузилиши мумкин?”, деди у.