Ўзбекистон муфтийси: “Имом-хатибларимиз ўз фаолиятида интернет имкониятидан самарали фойдаланиши лозим”

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг айтишича, Ўзбекистоннинг эркин ва озод ҳаётини кўролмайдиган турли ғаразли кучлар ҳамон пайт пойлаётгани, Ўзбекистон халқи орасида нифоқ солиб, ёшларнинг онгини, дунёқарашини бузиш, уларни ўз ота-оналари, аждодларига қарши қўйишга, одамларни ҳаётдан ноумид қилишга уриниши эҳтимолини инкор қилиб бўлмайди.

“Ислом – тинчлик, эзгулик дини. “Ислом” сўзининг ўзаги ҳам “тинчлик-осойишталик” маъноларини англатади. Шунинг ўзиёқ муқаддас динимиз ҳар қандай уруш-зиддиятларга қарши эканини кўрсатади. Ўзларининг қабиҳ қилмишларини дин билан ниқоблаётган кучларнинг хатти-ҳаракатлари эса асл диний қадриятларга мутлақо зиддир”, дейди муфтий ҳазратлари.

Усмонхон Алимовнинг сўзларига кўра, турли бузғунчи оқимлар муқаддас Қуръони карим ва муборак ҳадисларни ўз эгри йўлларига мослаб талқин қилишдек қабиҳ ишларга қўл ураётганига шунчаки қараб бўлмайди. Ўзбекистон Ислом маданияти ва цивилизациясига улкан ҳисса қўшган юрт сифатида жаҳонга танилган. “Диёримиздан етишиб чиққан уламою муҳаддислар қолдирган бебаҳо мерос жаҳолатга қарши маърифат билан курашишда беқиёс аҳамиятга эга. Шу боис ҳам ақидапарастликнинг ҳар қандай хуружига юртимиз уламоларининг қатъий муносабати мусулмон дунёси учун муҳим ҳисобланади. Буни асло ёддан чиқармаслик лозим”, дея қайд этди у.

Муфтийнинг фикрича, турли ақидапараст ва экстремистик кучлар ўзларининг бузғунчи ғояларини тарқатишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг имкониятларидан унумли фойдаланаётир. Турли ижтимоий тармоқлардаги ғоявий тузоқлар эса биринчи навбатда ёшларга салбий таъсир кўрсатишининг эҳтимоли катта. Кейинги беш йил давомида юртимизда интернетдан фойдаланувчилар сони икки миллиондан ўн миллионга кўпайгани, уларнинг аксарияти ёшлар экани инобатга олинса, ижтимоий тармоқларга ин қурган бузғунчилар тарқатаётган пуч ғоялар хавфи нечоғли экани янада ойдинлашади.

“Демак, имом-хатибларимиз аҳоли ўртасидаги турли шаклдаги тушунтириш ишларини олиб боришларидан ташқари, ўз фаолияти жараёнида замонавий ахборот технологиялари имкониятидан самарали фойдаланишлари ҳам муҳим аҳамият касб этади”, деб якунлайди муфтий ўз мурожаатини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита сайтида.