Отабек Муҳаммад Зоҳид: “Мухлислар фақат фонограмма эшитишдан безган”

Водийда яшаб, ижод қилаётган Отабек Муҳаммад Зоҳиднинг жонли ижродаги концерти пойтахт бўйлаб шов-шувга сабаб бўлди. Хонандани суратга олиш майдончасида учратдик. Санъаткор билан суҳбатимиз концертдан аввал ва кейинги ўй-фикрлари билан бошланди.

— Албатта, концертдан олдин ҳар қандай санъаткор ҳаяжонланади, — дейди хонанда. — Тўғриси, тўрт йил ўтиб берган концертим айни ёз чилласига тўғри келгани озгина дилимда хавотир уйғотди. Бу мухлисларимиз учун қийинчилик туғдирмасмикан, деб чўчидим. Чунки концертни ҳеч қандай меҳмонсиз, шоу­сиз, якка, жонли овозда ўтказишни режалаштиргандим. Бошловчи Акмал Мирзони ҳам саноқли кунлар қолганда чақирдик. Концерт мухлисларим учун ҳақиқий жонли дастур бўлишига жон-жаҳдим билан ҳаракат қилдим. Чунки мухлислар фақат фонограмма эшитишдан безган. Боз устига, фонограмма жонли овоздан тиниқроқ чиқади. Чунки у тозаланган, ишлов берилган бўлади. Аслида, тўйларда кунига тўққиз соат жонли куйлайман. Аммо концерт тўй эмас. Унинг ўз юки бор.

Концертдан кейинги ҳиссиётлардан гапирсам… уддаладим, деб ўйлайман. Тўлиқ жонли айтдим, бироқ заррача чарчоқ сезмадим.

— Демак, жонли куйлаш унчалик қийин иш эмас экан-да?

— Йўқ, биласизми, бу ижод ва мажбуриятнинг қоришмасидай гап. Асл санъат ҳамиша жонли бўлиши керак.

— Бундан ўн йил олдинги мухлис билан бугунги мухлисингизнинг фарқи борми?

— Ҳақиқий мухлис даврга қараб ўзгармайди. Ўн йил олдин менинг мухлисим бўлган одам ҳозир ҳам шундай, деб ўйлайман. Мухлиснинг мени яқиндан таниши, тинглаши, ижодимни билиши жуда муҳим. У қайсидир қўшиқ ё куйни сизга тегишли эканини топа билса, ана у мухлис. Шахсан менга санъат­кор ҳақида ҳеч нарса билмай, услубини тушунмай, «Унинг ижодини яхши кўраман» дейиши эриш туюлади.

Кўнглимни фараҳлантирадигани — мухлисларнинг сифати. Худога шукр, мени анг­лаб тинглайдиган мухлисларим бисёр. Уларнинг ичида ёши ҳам, кексаси ҳам бор. Уларни алдаб бўлмайди.

— Қайсидир маънода мухлислар санъаткорни ҳам тарбиялайди, деса бўладими?

— Албатта, чунки мухлиснинг назаридан четда қолмаслик учун ҳам ўзимиз устимизда кўпроқ ишлаймиз, шулар учун ҳаракат қиламиз.

— Устоз санъаткорларнинг асл шинавандаларга эгалигининг сабаби шеърларни тўғри танлай олганлигидадир, балки?

— Ҳа, қўшиқнинг узоқ яшаши шеърга боғлиқ. Устозлар шеърнинг мазмуни юксаклигига катта эътибор берган. Бугун айрим ашулалар саёзлиги ҳам шунга боғлиқ. Шеър тўғри танланмаса, қўшиқ ҳеч қанча умр кўрмайди.

— Сизчи, шеърни нимасига қараб фарқлайсиз?

— Болалигимда жуда йиғлоқи бўлган эканман. Овунтириш қийин кечган. Шунинг учун расмли китоб кўп олиб беришган. Кейинчалик жуда кўп китоблар совға қилишган. Ўз-ўзидан китобларга меҳрим тушган. Сўз ва куйнинг бир-бирига мутаносиблигини анг­лайман. Шеърни қўлимга олганимда ҳақиқий кечинмами ёки шунчаки машқ — ҳарқалай, фарқига бораман.

— Устозодасиз. Сулола давомчиси бўлишнинг масъулияти қандай?

— Худди дадамдек мен ҳам оилада ёлғиз ўғилман. Дадамдан эртароқ, ҳали санъат­нинг паст-баландини билмай туриб ажралганмиз. Шукр­ки, у кишининг санъ­ати­ни давом эттиришимда куч-қувватни ҳам, сабрни ҳам, салоҳиятни ҳам Яратганнинг ўзи бер­япти.

— Бу сулола сиздан кейин ҳам давом этадими?

— Ҳозирча, Гулсанам синглим куйлаяпти. Қолганини вақт кўрсатади.

— Оилада ота тарбияси жуда муҳим. Ижоддан ортиб, бунга қандай вақт топасиз?

— Фарзанд тарбияси — ота-она учун ҳаммасидан ҳам муҳим. Улар давомчиларимиз, юзимиз. Онаси гоҳида болаларимизни бироз тергашни айтганда ҳам уларни яхши сўз билан йўлга солишга, маънавиятига путур етмаслигига ҳаракат қиламан. Сабаби, раҳматли дадам бизга ҳатто баланд овозда гапирмаган. Ҳаммасини хушмуомалалик билан тушунтирган. Имконим борича болаларимнинг ёнида кўпроқ бўлишга, суҳбатлашишга ҳаракат қиламан. Ота сифатида фарзандларимга кераклича тарбия бера олмаётганим, тўғриси, ўзимга ҳам сезилади. Фарзанд тарбияси билан шуғулланишда аёлим мендан анча тажрибалироқ. Шунинг учун ҳам санъаткорнинг хотинига қийин-да.

— Концертда “Жоним асир” қўшиғини куйлаганингизда «шу, синглисининг қўшиғини айтмаса ҳам бўларди», деганлар бўлди…

— Бу таронани бир йил муқаддам ёзганман. Радио ва телевидениеда чиқарганмиз. Гулсанам деярли барча қўшиқларимни айтишни ёқтиради, ҳатто, баъзан мендан сўрамайди ҳам. Ҳеч қачон унга қаршилик қилмаганман. Ахир, биз шунчаки ижоддаги ҳамкорлар эмас, ака-сингилмиз. Қўшиқ меҳнат ва ижоднинг бир маҳсули. Ҳаракат қилсангиз, яралаверади. Аммо сингил қаердан топилади? Жигарингга жонингни берсанг ҳам арзийди-ку!

Гўзал СОЛИЕВА суҳбатлашди.