Ўзбекистон Грузия денгиз портлари орқали пахта толаси транзитини қайта йўлга қўйди

Ўзбекистон 15 йиллик танаффусдан сўнг шу йилнинг май ойида Грузиянинг Поти денгиз порти орқали Европа мамлакатларига пахта етказиб беришни бошлади. Грузия иқтисодиёт ва барқарор тараққиёт вазири ўринбосари Михеил Жанелидзенинг айтишича, жорий йил охирига қадар Ўзбекистон истеъмолчиларга 250 минг тонна пахта толасини айнан Грузия ҳудуди орқали етказиб беради.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири ўринбосари Иброҳим Эргашевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон томони Грузия орқали юк ташиш ҳажмини янада оширишга тайёр бўлиб, бу икки мамлакатнинг манфаатларига хизмат қилади.

Вазир ўринбосарининг айтишича, Боку—Тбилиси—Ахалкалаки (Грузия) — Карс (Туркия) темир йўлининг имкон қадар тез фойдаланишга топширилиши Ўзбекистоннинг Жанубий ва Марказий Европа мамлакатлари бозорига чиқишда ушбу йўналишдан фойдаланишига замин яратади.

Ўзбекистон 1996 йилда Грузиянинг Поти порти орқали пахта толаси транзитини бошлаган. Портда пахта сақлаш омборлари ташкил қилинган. 1997-1998 йилларда мазкур йўналиш орқали йилига 100 минг тонна тола ташилган. Кейинчалик турли сабабларга кўра бу транзит тўхтаб қолади.

Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси прогнозларига кўра, Ўзбекистон 2014/2015 йилларда пахта экспортини 2013/2014 йилдагига қараганда 15 фоизга камайтиради. Ўзбек пахтасининг 39 фоизи Бангладешга, 25 фоизи Хитойга, 7 фоизи Жанубий Кореяга экспорт қилинади.

“Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси маълумотларига кўра, 2014 — 2020 йилларда республика текстиль саноатини модернизация қилишга 1 миллиард доллар йўналтирилади. Янги қабул қилинган дастурга биноан, 2020 йилга бориб мамлакат пахта толасини қайта ишлаш 44 фоиздан 70 фоизга чиқарилади. Натижада текстиль маҳсулотлари экспорти 800 миллион доллардан 1,5 миллиард долларга етказилади.

Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон ҳар йили 3,5 миллион тонна атрофида пахта хомашёси, 1-1,2 миллион тонна пахта толаси етиштиради.