Туркманистон Афғонистонга етказиб бериладиган электр энергияси ҳажмини оширади

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ва Афғонистон президенти Ашраф Ғани Аҳмадзой телефон орқали мулоқот қилди. Унда Афғонистоннинг чегара музофотларига туркман электр энергиясини етказиб бериш масалалари муҳокама қилинди.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Бердимуҳаммедов туркман халқи афғон халқининг тинч ва барқарор ҳаётга бўлган интилиши тарафдори эканини маълум қилиб, Туркманистон бундан сўнг ҳам қўшни мамлакатни қўллаб-қувватлашини айтиб ўтди. “Жорий йилда электр энергияси линиялари Афғонистон чегарасига қадар етказилади. Натижада ушбу мамлакатга электр энергияси етказиб бериш ҳажми сезиларли даражада ошади”, — деди Туркманистон раҳбари.

Бердимуҳаммедов, шунингдек, Туркманистон қўшни мамлакатга мактаб ва касалхоналар қуриш ишларига ёрдам беришини маълум қилган. Президентлар Туркманистон — Афғонистон — Покистон — Ҳиндистон газ қувурини ётқизиш ҳамда Туркманистон — Афғонистон — Тожикистон темир йўли қурилиши боришини муҳокама қилишган.

Шуни қайд этиш керакки, ҳозирги кунда Туркманистоннинг Атамурат ва Марв шаҳарларидан Афғонистоннинг Андҳой ва Ҳирот шаҳарларига 25 мегаваттдан электр энергияси етказиб берилади. Янги инфратузилма иншоотлари қурилиши натижасида жорий йил кузидан ушбу шаҳарлар қўшимча 100 мегаватт электр энергияси олади.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистон ҳудудида Ўзбекистон кўмагида ўнлаб кўприклар, автомобиль йўллари барпо этилди. Ҳозирги пайтда Кобул шаҳри тўлиқ электр энергия билан таъминланмоқда. Афғонистон Ўзбекистоннинг оптик толали алоқа линиясига уланган.