Ислом Каримов Минор масжиди очилишида иштирок этди

Тошкентнинг кўҳна Минор мавзесида муҳташам масжид барпо қилинди ва фойдаланишга топширилди. ЎзАнинг хабар беришича, Қурбон ҳайити арафасида Ислом Каримов ушбу масжидга ташриф буюрган.

Ислом Каримов муҳташам мажмуани ва унинг атрофида олиб борилган кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини кўздан кечирди. Муқаддас динимизга мувофиқ масжидда Қуръони каримдан тиловат қилинди.

ЎзАнинг айтишича, Ислом Каримов масжиднинг ички ва ташқи кўриниши, баҳаво айвонлари, миллий ўймакорлик услубида ишланган устунлар, бино қуббасидаги олтин суви билан зийнатланган нақшларни кўздан кечириб, қўли гул усталарнинг меҳнатига муносиб баҳо берди.

Qadriyat.uz’нинг хабар беришича, 4 октябрь — Қурбон Ҳайити куни ҳам масжидда катта жамоат йиғилиши кутилмоқда.

2013 йилда қабул қилинган «Тошкент шаҳрининг Минор маҳалласи ҳудудида масжид барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига биноан барпо этилган ушбу жомеъ масжиди миллий меъморчик анъаналарини ўзида мужассам этган бўлиб, бир пайтнинг ўзида 3 мингдан зиёд намозхонни бағрига сиғдира олади.

Лойиҳага кўра, масжиднинг бош биноси – икки қаватли хонақоҳ қад кўтарди, иккита пештоқ, баландлиги 38 метр бўлган иккита минора ва бир гумбаз нафақат кичик ҳалқа йўл, балки олис-олислардан ҳам кўриниб, қўр тўкиб туради. Масжид ҳовлисининг икки томонида миллий ёғоч ўймакорлиги услубларида безатилган устунлар ўрнатилиши ўзига хос салобат касб этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар кенгаши қарорига кўра, “Минор” жомеъ масжидига Раҳматуллоҳ Сайфуддинов имом-хатиб этиб тайинланди.