Жанубий Кореяда тўй агентликлари Ўзбекистондан келин топишга кўпроқ ҳаракат қилишади

Жанубий Кореяда чет эллик аёллар билан турмуш қуриш қатор маиший муаммоларни келтириб чиқараётган ва кўпчилиги ажрашиш билан якун топаётган бўлса-да, хориждан келин топиш камаймаяпти. Бу ҳақда Kun.uz сайти хабар тарқатди.

Жанубий Корея Халқаро оила ассоциацияси маълумотларига кўра, кореялик бўйдоқлар бу борада мамлакатда ҳар қадамда учратиш мумкин бўлган тўй агентликлари хизматидан фойдаланмоқда.

Мўмайгина пул эвазига тўй агентликлари асосан Ўзбекистон, Хитой, Филиппин, Камбоджа, Вьетнам каби мамлакатлардан келин топиш билан шуғулланиб келади.

Жанубий Корея Халқаро оила ассоциацияси тўй агентликларининг ўртача хизмат ҳақларини эълон қиларкан, нархлар турли ҳужжат ишлари ва тўй ҳаражатларини ўз ичига олганлигини қайд этиб ўтган.

Унга кўра, жанубий кореялик бўйдоқлар Ўзбекистондан уйланиш учун тўй агентликларига ўртача 23 минг 750 АҚШ долларини тўлашларига тўғри келади.

Шунингдек, корейслар учун Хитойдан уйланиш 12,7 минг доллар, Вьетнам, Камбоджа, Филиппин ва Мўғулистондан уйланиш 14 минг доллар, Лаос, Непал ва Таиланддан уйланиш 18 минг долларга тушади.

Жанубий Корея Миллий Статистика қўмитасига кўра, мамлакатда чет эллик аёллар билан турмуш қуриб, сўнг тез орада ажрашиш ҳолатлари йилдан йилга ошиб бормоқда.